Боғчалардаги болаларда кўз касаллиги тарқалаяптими?
Тошкент вилояти ССБ тарқалаётган хабарларга муносабат билдирди.

Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятидаги мактабгача таълим ташкилотларида болалар ўртасида кўз касаллиги тарқалаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ушбу хабарлар юзасидан расмий муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, 10 ноябрь куни Паркент туманидаги 3-сонли мактабгача таълим ташкилотига 2022 йилда туғилган бола кўз касаллиги аломатлари билан келган. Боғча маъмурияти болани муассаса ҳудудига киритмаган ва шифокор кўригига юборган.
Туман офтальмологи кўригидан сўнг болага “H10.3 — аниқланмаган ўткир конюнктивит” ташхиси қўйилиб, тегишли даволаш муолажалари белгиланган. Шунингдек, унинг акаси ва отасида ҳам шунга ўхшаш аломатлар кузатилган. Айни пайтда уларга туман тиббиёт бирлашмаси томонидан тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
ССБ маълумотига кўра, кўз касаллиги аломатлари билан мурожаат қилган бошқа беморлар қайд этилмаган. Боғча маъмурияти ҳам бошқа тарбияланувчиларда бундай белгилар кузатилмаганини билдирган.
Шу муносабат билан ота-оналардан фарзандларининг саломатлигига эътиборли бўлиш, кўзда қизариш, ёшланиш ёки ажралма келиши каби аломатлар пайдо бўлса, ўз вақтида шифокорга мурожаат қилиш сўралди.








