Икки ойлик истеъмол учун етарли: Ўзбекистонда бензин захираси яратилди
Талаб ошган тақдирда биржа савдоларига кунига 10 минг тоннагача бензин чиқариши мумкин.

Қиш мавсумида ички бозорни бензин билан барқарор таъминлаш мақсадида «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан 102 минг тонна бензин захираси яратилди. Мавжуд захира икки ойлик истеъмол ҳажмини қоплаш имконини беради.
Таъкидланишича, йил бошидан буён Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида 916,1 минг тонна бензин ишлаб чиқарилган. Йил якунига қадар бу кўрсаткични 1,1 миллион тоннага етказиш режалаштирилган. Ҳозирда завод суткасига ўртача 3,2–3,4 минг тонна бензин ишлаб чиқармоқда.
Талаб ошган тақдирда биржа савдоларига чиқариладиган бензин ҳажмини кунига 8 минг тоннага, зарурат туғилганда эса 10 минг тоннагача етказиш имконияти мавжуд. Шунингдек, ички бозорда эҳтимолий тақчилликнинг олдини олиш учун тайёр бензин импорти бўйича ҳам чоралар кўрилмоқда.
Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган тасдиқланмаган хабарлар таъсирида сунъий талаб ва захира тўплаш ҳолатлари юзага келиши мумкинлиги қайд этилди.
«Ўзбекнефтгаз» томонидан биржа савдоларига чиқарилаётган бензиннинг бошланғич нархи эса апрель ойидан буён ўзгармаган — бир тоннаси 14 миллион сўм.








