Дипломатик ёрдам самараси: 53 ёшли ўзбекистонлик ватанга қайтарилди
У мураккаб вазиятга тушиб қолгани сабабли Бош консулхонага юртга қайтишда кўмак сўраб мурожаат йўллаган.

Россиянинг Новосибирск шаҳрида қийин аҳволга тушиб қолган ўзбекистонлик фуқаро юртимизга қайтарилди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, 1973 йилда таваллуд топган фуқаро М.У. oғир шароитга тушиб қолгани туфайли мамлакатга қайтиш масаласида Ўзбекистоннинг Новосибирскдаги Бош консулхонасига ёрдам сўраб чиққан.
Дипломатик ваколатхона вакиллари ушбу мурожаатни қисқа фурсатда ўрганиб чиқиб, фуқарога керакли амалий ёрдамни тақдим этган. Жумладан, Миграция агентлиги ваколатхонаси билан биргаликда уни Ўзбекистонга жўнатиш юзасидан тезкор ташкилий ишлар олиб борилган.
Амалга оширилган чоралар самараси ўлароқ, юртдошимиз “Новосибирск–Тошкент” йўналишидаги автобусда Ўзбекистонга кузатиб қўйилди.








