Европа Иттифоқининг Украинага 45 млрд евролик кредити: тўрт давлат умумий молиялаштиришга қарши
Германия эса умумий бюджет бўйича келишув учун барча давлатларнинг ҳиссаси шарт бўлишини талаб қилмоқда.

Европа Иттифоқи 2027 йилда Украинага 45 млрд евро миқдорида кредит ажратишни режалаштирмоқда. Бироқ тўрт давлат — Словакия, Чехия, Венгрия ва Болгария ушбу кредитни молиялаштиришда иттифоққа аъзо барча мамлакатлар иштирок этишига қарши чиқмоқда.
Германия ва яна бир қатор давлатлар эса барча аъзо мамлакатларнинг кредитни молиялаштиришдаги иштирокини кенгроқ бюджет келишувининг шарти сифатида белгилашни талаб қилмоқда.
Mаълумотларга кўра, мазкур тўрт давлат Европа Иттифоқи бюджетидан энг кўп маблағ олувчи мамлакатлар қаторига киради. Кредит атрофидаги келишмовчилик ЕИ мамлакатлари ўртасидаги кенгроқ зиддиятларни ҳам акс эттирмоқда. Гап умумий бюджетга ўзлари оладиган маблағдан кўпроқ ҳисса қўшадиган давлатлар билан бюджетдан ажратиладиган маблағ миқдори қўшаётган ҳиссасидан юқори бўлган мамлакатлар ўртасидаги тафовут ҳақида бормоқда.
Европа Иттифоқи Украинага ажратиладиган 45 млрд еврони 2027 йил охирида якунланадиган амалдаги бюджет доирасида тақдим этишни режалаштирган. Кредитни қайтариш Россия Киевга уруш учун репарация тўлаганидан кейингина амалга оширилиши кўзда тутилган.
Бундан ташқари, 2027 йилда ЕИ таркибига кирмайдиган давлатлар ҳам Украинага 25 млрд евро ажратиши кутилмоқда. Улар орасида Буюк Британия, Норвегия, Япония, Швейцария ва Канада бор.
Шу тариқа, жами 70 млрд евро Украина келгуси йилда дуч келиши кутилаётган молиялаштириш тақчиллигини қоплашга йўналтирилиши режалаштирилган.
Шунингдек, ЕИнинг 2028–2034 йилларга мўлжалланган бюджетига Украинага 100 млрд еврогача ёрдам ажратиш таклиф қилинмоқда. Европа етакчилари молиялаштириш бўйича қарорни 17–18 декабрь кунлари бўлиб ўтадиган саммитда келишиб олишни режалаштирган.








