Олмаотадаги ёнғин: ҳалок бўлган икки ўзбекистонликнинг жасади ватанга олиб келинди
Ёнғин вақтида бинодан чиқиб кетишга муваффақ бўлган икки нафар Ўзбекистон фуқаросига ҳам ёрдам кўрсатилган.

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида содир бўлган ёнғинда ҳалок бўлган икки нафар Ўзбекистон фуқаросининг жасади ватанга қайтарилди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Олмаота шаҳрининг Бостандиқ туманидаги барак типидаги турар жой биносида юз берган ёнғин оқибатида беш киши, жумладан, Ўзбекистон фуқаролари Т.И. ва К.Е. ҳалок бўлганди.
Марҳумларнинг жасадларини Ўзбекистонга олиб келиш учун мамлакатнинг Олмаотадаги Бош консулхонаси Миграция агентлиги, Бостандиқ тумани ҳокимлиги ва Полиция департаменти кўмагида зарур ҳужжатларни расмийлаштирган. Уларнинг жасадлари Олмаота аэропортидан Нукус шаҳрига юборилган.
Шунингдек, ёнғин вақтида бинодан чиқиб кетишга муваффақ бўлган икки нафар Ўзбекистон фуқаросига ҳам ёрдам кўрсатилган. Уларнинг паспортлари ёнғинда ёниб кетгани сабабли Бош консулхона томонидан Ўзбекистонга қайтиш гувоҳномалари расмийлаштирилган.
Миграция агентлиги кўмагида авиачипталар харид қилиниб, омон қолган икки нафар фуқаро ҳам Ўзбекистонга қайтарилган.








