Ишдан кетганларга катта компенсация: Mercedes-Benz 30 мингдан ортиқ ходимга таклиф юборади
Тўлов миқдори ходимнинг ёши, иш стажи ва маошига қараб ҳисобланади.

Германиянинг Mercedes-Benz автомобиль концерни ходимларни ўз хоҳишига кўра ишдан кетишга ундаш бўйича янги дастур бошламоқда. Bild нашрининг компания ички ҳужжатларига таяниб хабар беришича, дастур доирасида ходимларга 422 минг еврогача компенсация тўланиши мумкин.
Энг юқори тўлов юқори маош оладиган 52 ёшли муҳандисга таклиф этилган. У 2027 йил март ойи охиригача компаниядан кетишга рози бўлса, 422 минг евро олиши мумкин. Маъмурий бўлим ходимлари учун эса компенсация миқдори 253 минг еврогача этиб белгиланган.
Тўлов миқдори ходимнинг ёши, иш стажи ва маошига қараб ҳисобланади. Дастурда 30 мингдан ортиқ ходим иштирок этиши мумкин. Улар орасида турли мутахассислар, усталар, жамоа ва бўлим раҳбарлари бор. Бу сафар дастурга илк бор юқори лавозимли раҳбарлар ҳам киритилган.
Иштирок этишнинг асосий шарти — 2026 йил 1 декабрь ҳолатига кўра, компанияда камида уч йиллик иш стажига эга бўлиш. Дастур 2026 йил 1 декабрдан 2027 йил 30 сентябргача, жами 10 ой давом этади. Энг қулай шартлар дастлабки тўрт ойда амал қилади. 2027 йил март ойи охиригача ишдан кетиш ҳақида қарор қилган ходимларга тезкорлик учун қўшимча “Турбо-бонус” ҳам берилади.
Mercedes-Benz ушбу дастурни компаниянинг иқтисодий аҳволи ёмонлашгани ва харажатларни, жумладан, ходимлар билан боғлиқ сарф-харажатларни камайтириш зарурати билан изоҳламоқда.
Бироқ компания ходимларни ишлаб чиқариш эҳтиёжлари сабабли одатий тартибда ишдан бўшата олмайди. Бунга Германияда амал қилаётган бандлик кафолатлари тўғрисидаги келишув тўсқинлик қилади. Мазкур келишув 2034 йил охиригача амал қилади.







