“Док-1 Макс” иши: жабрланувчиларга компенсация тўлиқ тўлаб берилди
90 нафар жабрланувчи фойдасига жами 82 миллиард сўм компенсация ундириш белгиланган эди.

«Док-1 Макс» ва «Амбронол» дори воситалари истеъмоли оқибатида жабрланган оилаларга жами 82 миллиард сўм компенсация тўланиши белгиланган эди. Бугунги кунга қадар 88 нафар жабрланувчига 80 миллиард сўм тўланди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича судининг ижро ҳужжатларига мувофиқ, Мажбурий ижро бюроси 90 нафар жабрланувчи фойдасига жами 82 миллиард сўм компенсация ундириш белгиланганини билдирган.
Бироқ айбдорларнинг хатланган мол-мулкини сотиш жараёни чўзилгани сабабли дастлаб компенсациянинг атиги 20 фоизи — 16,8 миллиард сўми тўланган. Қолган маблағ бир неча йил давомида тўланмай келган.
Шундан сўнг жабрланган оилаларга етказилган моддий ва маънавий зарарни тўлиқ қоплаш ишларини тезлаштириш бўйича Президент топшириғи берилди. Шу асосда давлат бюджетидан 65,2 миллиард сўм ажратилган.
Вазирлик маълумотига кўра, ҳозиргача вафот этган 72 нафар боланинг оилаларига 72,2 миллиард сўм, даволанган ёки даволанаётган 16 нафар боланинг оилаларига эса 7,8 миллиард сўм тўланган.
Банк карталари билан боғлиқ техник масалалар ҳал этилгач, қолган икки нафар боланинг оила аъзоларига ҳам жами 2 миллиард сўм компенсация тўлаб берилади.
Қайд этилишича, давлат бюджетидан ажратилган 65,2 миллиард сўм айбдорларнинг мол-мулкини сотиш ва улардан маблағ ундириш ҳисобидан республика бюджетига қайтарилади.
Айни пайтда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва тегишли ташкилотлар масъуллари республика тиббиёт марказлари шифокорлари билан биргаликда жабрланган оилалардан хабар олиб, болаларга зарур тиббий ҳамда психологик ёрдам кўрсатиш чораларини кўрмоқда.








