Учтепадаги ёнғин ортида қотиллик: аёл қасддан ўлдирилгани маълум бўлди
Ёнғиндан сўнг учта алоҳида ёнғин ўчоғи ва қасддан ўт қўйиш аломатлари аниқланган.

Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида хонадонлардан бирида содир бўлган ёнғинда ҳалок бўлган аёл қасддан ўлдирилгани маълум бўлди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов Zamon.uz'га маълум қилди.
2026 йил 24 октябрь куни соат 02:00 ларда Учтепа туманидаги хонадонлардан бирида ёнғин содир бўлган. Ҳодиса жойида ушбу хонадонда яшаган, 2000 йил 30 майда туғилган аёлнинг жасади аниқланган. Унинг танасида елка қисмидан сон-оёқ соҳасигача термик жароҳатлар бўлган.
Текширув давомида ошхона, ётоқхона ва меҳмонхонада бир-бирига боғлиқ бўлмаган учта ёнғин ўчоғи, шунингдек, қасддан ўт қўйиш аломатлари аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан 24 октябрь куни Учтепа тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми — қасддан одам ўлдириш билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тергов натижаларига кўра қонуний қарор қабул қилиниши ва қўшимча ахборот берилиши маълум қилинган.








