Ўзбекистон

Фирибгарликка қарши янги тизим: банкларда антифрод 24/7 ишлайди

Марказий банк банклар, тўлов ташкилотлари ва тўлов тизимлари операторлари учун шубҳали операцияларни аниқлаш бўйича янги талабларни таклиф қилмоқда.

Фирибгарликка қарши янги тизим: банкларда антифрод 24/7 ишлайди

 

Марказий банк тижорат банклари, тўлов ташкилотлари ва тўлов тизимлари операторларининг ахборот тизимларида шубҳали — фрод — операцияларни аниқлашга қўйиладиган умумий талабларни белгиловчи низом лойиҳасини ишлаб чиқди. Ҳужжат 9 октябргача жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.

 

Лойиҳа жисмоний шахсларнинг розилигисиз амалга ошириладиган молиявий операцияларни аниқлаш ва уларнинг олдини олишга қаратилган.

 

Янги талаблар мобил иловалар, интернет-банкинг, банк карталари ва электрон ҳамёнлардан фойдаланиш жараёнида юзага келадиган фирибгарлик хатарларини камайтиришни назарда тутади. Бунда мижозни алдаш ёки унинг ишончидан фойдаланиб операция амалга оширишга ундайдиган ижтимоий муҳандислик схемаларини аниқлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.

 

Лойиҳага кўра, банклар ва тўлов ташкилотларининг антифрод тизимлари сутка давомида 24/7 режимида ишлаши ва шубҳали операцияларни реал вақт режимида аниқлаши керак бўлади.

 

Операциялар бир нечта хавф белгиларининг комбинацияси ҳамда скоринг асосида баҳоланади. Хавф даражасига қараб тўловни амалга ошириш, уни вақтинча тўхтатиб туриб мижоздан қўшимча тасдиқ олиш ёки операцияни рад этиш чораларидан бири қўлланади.

 

Шубҳали операция тўхтатиб турилган ёки рад этилган тақдирда, мижоз дарҳол мавжуд алоқа каналлари орқали хабардор қилинади. Билдиришномада операциянинг умумий тавсифи, қабул қилинган қарор ҳамда мижоз кўриши мумкин бўлган чоралар ҳақида маълумот берилиши кўзда тутилган.

 

Ижтимоий муҳандислик аломатлари аниқланган ҳолатларда қўшимча верификация ўтказиш, антифрод моделларини мунтазам баҳолаш ва уларни камида ҳар чоракда қайта кўриб чиқиш таклиф этилмоқда.

 

Шунингдек, банклар, тўлов ташкилотлари ва бошқа молия бозори иштирокчилари ўртасида шубҳали операциялар ҳамда янги фирибгарлик схемалари тўғрисида ахборот алмашиш, йирик ҳодисалар ҳақида Марказий банкни хабардор қилиш ва мижозларнинг бундай операциялар юзасидан мурожаатларини сутка давомида қабул қилиш талаблари ҳам назарда тутилган.

 

Янги талаблар антифрод тизимлари учун ягона ёндашувни шакллантириш, фирибгарлик хавфини эрта аниқлаш ва мижозлар маблағларини янада самарали ҳимоя қилишга қаратилган.

 

Марказий банк маълумотига кўра, 2026 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистондаги тижорат банкларида қиймати 461 млрд сўмдан ортиқ бўлган 18 млн дан зиёд фирибгарлик операциясининг олди олинган. Банкларда Сессион антифрод ва антивирус тизимлари орқали юқори хавфли операциялар чекланмоқда.

 

Мазкур низом лойиҳаси Европа Иттифоқи, Буюк Британия, Cингапур ва бошқа мамлакатларнинг фирибгарликка қарши курашиш амалиётлари таҳлили асосида ишлаб чиқилган. Якуний тартиб жамоатчилик муҳокамаси ва лойиҳа бўйича кейинги кўриб чиқишлардан сўнг белгиланади.

Тошкент халқаро мулоқот майдонига айланади: БМТ сессияси ўтказилади

Тошкент халқаро мулоқот майдонига айланади: БМТ сессияси ўтказилади

Тошкентдаги сессияда гиёҳвандлик воситалари ноқонуний муомаласига қарши курашиш, минтақавий ҳамкорлик ва тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинади.

Дрон орқали аниқланган қонунбузилиш: Бухорода ноқонуний қум-шағал қазиб олиш тўхтатилди

Дрон орқали аниқланган қонунбузилиш: Бухорода ноқонуний қум-шағал қазиб олиш тўхтатилди

Мутахассислар томонидан табиатга етказилган зарар 8,9 миллиард сўмга баҳоланди.

1000 доллар қарз, 10 минг долларлик тилхат: Тошкент вилоятида гумонланувчи қамоққа олинди

1000 доллар қарз, 10 минг долларлик тилхат: Тошкент вилоятида гумонланувчи қамоққа олинди

У фуқароларга берган қарзидан 10 баравар кўп пул талаб қилганликда гумонланмоқда.

“Муваффақиятли” операция ҳар доим ҳам пул берилганини англатмайди — Марказий банк

“Муваффақиятли” операция ҳар доим ҳам пул берилганини англатмайди — Марказий банк

Банкоматлардан пул ечиш билан боғлиқ низоларни холисона кўриб чиқиш бўйича банклар ва тўлов ташкилотларига талаблар эслатилди.

Режали таъмирлаш ишлари: Тошкентнинг айрим туманларида электр таъминоти вақтинча тўхтатилади

Режали таъмирлаш ишлари: Тошкентнинг айрим туманларида электр таъминоти вақтинча тўхтатилади

Ҳудудларда электр тармоқларига техник хизмат кўрсатиш сабабли вақтинчалик узилишлар кузатилади.

Ўзбекистонда об-ҳаво кескин ўзгаради: айрим ҳудудларда ҳарорат 7 даражагача совуқ бўлади

Ўзбекистонда об-ҳаво кескин ўзгаради: айрим ҳудудларда ҳарорат 7 даражагача совуқ бўлади

Айрим ҳудудларда кучли ёмғир ёғиши, шимолий ва тоғли жойларда эса қор кузатилиши мумкин.

Тошкент аҳолиси учун янгилик: иситиш мавсуми бошланиш санаси белгиланди

Тошкент аҳолиси учун янгилик: иситиш мавсуми бошланиш санаси белгиланди

Тошкент шаҳар ҳокимининг тегишли қарорига мувофиқ, 2026–2027 йилги иситиш мавсуми доирасида пойтахтда хонадонлар ва ижтимоий соҳа объектларига иссиқлик бериш босқичма-босқич бошланади.

Ўзбекистон Президентининг Қозоғистонга амалий ташрифи якунланди

Ўзбекистон Президентининг Қозоғистонга амалий ташрифи якунланди

Шавкат Мирзиёевни Қасим-Жомарт Тоқаев кузатиб қўйди.