Қурилиш лицензияси 2–3 кунда берилиши мумкин: ойлаб кутиладиган жараён рақамлаштирилади
Лицензия олиш учун 30–40 тагача ҳужжат тақдим этиш талабини бекор қилиш таклиф этилмоқда.

Қурилиш соҳасида лицензия олиш ёки унинг тоифасини ошириш учун талаб этиладиган 30–40 тагача ҳужжатни тақдим этиш мажбуриятини бекор қилиш таклиф этилмоқда. Янги тартиб жорий этилса, илгари 2–3 ойгача вақт олган жараённи онлайн тарзда 2–3 кун ичида амалга ошириш мумкин бўлади.
Бу ҳақда ОАВ учун Контент тайёрлаш марказида ўтказилган брифингда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Саидносир Усмонов маълум қилди.
Унинг айтишича, вазирлик томонидан Ҳукуматга киритилган қарор лойиҳасида лойиҳа-қидирув, қурилиш-пудрат ва хусусий экспертиза фаолияти учун лицензия олиш ёки унинг тоифасини оширишда аризага кўплаб ҳужжатларни илова қилиш талабини бекор қилиш назарда тутилган.
Зарур маълумотларни тегишли ахборот тизимларидан идоралараро интеграция орқали автоматик олиш таклиф этилмоқда. Бу лицензиялаш жараёнини рақамлаштириш, ортиқча ҳужжатбозликни камайтириш ва инсон омилини чеклашга қаратилган.
Лойиҳа доирасида аризаларни кўриб чиқиш муддатларини 50–60 фоизгача қисқартириш ҳам кўзда тутилган.
Шунингдек, лицензия талабларига мос мутахассисларни излаётган ташкилотлар учун иш қидирувчилар ҳақидаги маълумотларни эълон қилиш имконияти яратилиши режалаштирилмоқда.








