Ҳусийлар Ямандаги президент саройи мажмуасига ракета зарбалари берди: икки киши ҳалок бўлди
Ҳужум вақтида мажмуада бўлган ҳукумат аъзолари жабрланмаган.

Яманнинг жанубидаги Адан шаҳрида жойлашган президент саройи мажмуасига уюштирилган ҳужум оқибатида икки нафар хавфсизлик ходими ҳалок бўлди. Ҳужум вақтида мажмуада бўлган бош вазир ва ҳукумат аъзолари жабрланмаган.
Reuters агентлигига икки ҳукумат расмийси хабар беришича, ҳусийлар пайшанба куни Маашиқ президент саройи мажмуасига ракета зарбалари берган. Яман ахборот вазири Моаммар ал-Эрянийнинг айтишича, мажмуага жами бешта ракета учирилган.
Ҳусийлар назоратидаги SABA ахборот агентлиги ҳарбий расмийсига таяниб, ҳужум Саудия Арабистони ҳарбийлари бошқарувидаги операциялар штаб-квартираси ва қурол-яроғ омборларига қаратилганини маълум қилган. Reuters бу маълумотларни мустақил равишда тасдиқлай олмаган.
Гуруҳнинг ҳарбий вакили Яҳё Сарий зарбани Саудия Арабистонининг ҳарбий кучлари тўпланадиган жойларни нишонга олиш сиёсатининг бир қисми сифатида изоҳлаган.
Аввалроқ уч нафар гувоҳ сарой яқинида кучли портлаш овозларини эшитганини Reuters агентлигига билдирган.







