Эрон ҳусийларга Ар-Риёд аэропортига ҳужум қилишда ёрдам берган — WSJ
Эроннинг кўмаги ҳарбий тайёргарлик, разведка ва ракеталарни бошқариш бўйича ёрдамни ўз ичига олган.

Эрон Саудия Арабистонидаги нефть инфратузилмаси, энергетика объектлари ва аэропортларга ҳужумлар уюштирган Ямандаги ҳутийларга ёрдам берган. Бу ҳақда The Wall Street Journal нашри Саудия Арабистони разведка идораларига яқин манбаларга таяниб хабар берди.
Нашр маълумотларига кўра, Эроннинг кўмаги учувчисиз учиш аппаратлари ва ракеталарни бошқариш, ҳарбий мутахассисларни тайёрлаш, разведка маълумотларини етказиш ҳамда тактик кўрсатмалар беришни ўз ичига олади.
Манбаларнинг таъкидлашича, ҳутийлар яқинда амалга оширган ҳужумлардан бири Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёддаги аэропортга қаратилган. Ушбу ҳужум оқибатида 10 дан ортиқ киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган.
WSJ маълумотларига кўра, Эроннинг кўмаги ҳутийларга Ямандаги назорати остида бўлган ҳудудларни кенгайтириш, жумладан, стратегик аҳамиятга эга Баб ал-Мандеб бўғози яқинидаги ҳудудларни эгаллаш имконини берган.
Нашр манбалари июль ойида Эрондан ҳутийлар назоратидаги ҳудудларга иккита рейс амалга оширилганини ҳам билдирган. Расман ушбу парвозлар Яман зиёратчилари ва делегацияларини ташиш билан изоҳланган. Бироқ манбаларга кўра, самолётларда Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпусига (ИРГК) алоқадор ҳарбий мутахассислар, шунингдек, дронлар учун эҳтиёт қисмлар ва бошқарув тизимлари олиб келинган.
Саудия Арабистони тарафдори бўлган кучлар Санодаги аэропортнинг учиш-қўниш йўлагига зарба бериб, иккинчи рейснинг қўнишига тўсқинлик қилишга уринган. Бу эса можаронинг янада кескинлашишига олиб келган.








