Ар-Риёд аэропортидаги вазият: Россия фуқароларига Саудия Арабистонига бормаслик тавсия қилинди
Ҳозирча Россия фуқароларини эвакуация қилишни режалаштирмаяпти.

Россиянинг Саудия Арабистонидаги элчихонаси фуқароларига ҳаво қатнови тиклангунига қадар қиролликка сафар қилишдан тийилишни тавсия қилди. Бу ҳақда дипломатик ваколатхона «Известия» нашрига берган интервьюсида маълум қилди.
Элчихона вакилларининг тушунтиришича, ҳозирги асосий қийинчиликлар Ар-Риёд аэропорти фаолиятининг вақтинча тўхтатилгани ва мамлакатдаги бир нечта йирик аэропортлар ишида узилишлар кузатилаётгани билан боғлиқ. Зарурат туғилса, фуқароларга Саудия Арабистонининг бошқа шаҳарларидаги ёки қўшни давлатлардаги аэропортлардан фойдаланиш тавсия этилган.
Дипломатик ваколатхона Россия фуқароларини эвакуация қилиш режалаштирилмаганини ҳам билдирган. Бунга фуқаролар учун бевосита хавфсизлик таҳдиди йўқлиги сабаб қилиб кўрсатилган.
Маълумотларга кўра, октябрь ойида ҳусийлар Ар-Риёддаги Қирол Холид халқаро аэропортига беш марта йирик ҳаво ҳужумини уюштирган. 10 октябрдаги ҳужум 2015 йилдан бери энг кўп талафот келтирган ҳужум сифатида қайд этилган: 18 киши ҳалок бўлган, камида 300 киши жароҳатланган.
Шундан сўнг Саудия Арабистони аэропортни 17 октябргача ёпган ва авиакомпаниялар бир қатор рейсларни бекор қилган. 14 октябрь куни аэропорт яна ҳужумга учрагани хабар қилинган.
Қирол Холид халқаро аэропорти Саудия Арабистонидаги жами йўловчи ҳаво қатновининг 29 фоизини ташкил қилади.








