17 ёшли курьер билан можаро: ресторан ходими 5 суткага қамалди
Текширувда пиёдалар йўлагидан фойдаланиш қоидабузарликлари ҳам аниқланиб, ёзги майдонча олиб ташланди.

Тошкентнинг Миробод туманида ресторан вакили ва вояга етмаган курьер ўртасида юзага келган можаро ортидан бир қатор чоралар кўрилди. Воқеа акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалиб, муҳокамаларга сабаб бўлганди.
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси маълумотига кўра, ҳодиса 17 октябрь куни соат 13:00 атрофида ресторан олдида содир бўлган. 1990 йилда туғилган С.Р. ва 2009 йилда туғилган вояга етмаган йигит ўртасида келишмовчилик юзага келган.
Тарқалган видеода ресторан вакилининг курьерга қўпол муомала қилгани ва унга таҳдид қилгани акс этган.
Ҳолат юзасидан С.Р.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси — майда безорилик бўйича баённома расмийлаштирилиб, ҳужжатлар судга юборилган. 18 октябрь куни жиноят ишлари бўйича Миробод туман судининг қарори билан унга 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари Zamon.uz'ga маълум қилди.
Бундан ташқари, воқеадан кейин «Мовий гумбазлар» хиёбони ҳудудидаги ресторан ёзги майдончасининг жойлашуви ҳам текширилган. Ҳокимлик маълумотига кўра, ҳудуддан фойдаланиш талабларига, жумладан, пиёдаларнинг эркин ҳаракатланишига оид қоидабузарликлар аниқланган. Шундан сўнг пиёдалар йўлаги стол ва стуллардан бўшатилган.
Ресторан маъмурияти эса йўлак пиёдалар, болалар аравачаси билан юрувчилар ва ҳаракатланиш имконияти чекланган шахслар учун очиқ эканини билдирган. Шунингдек, муассаса можаро ҳолати ва кузатув камералари ёзувларини ўрганаётганини, ходимларнинг қўпол муомаласи ва таҳдидларига йўл қўймаслигини маълум қилган.
Кейинчалик можаро иштирокчиси курьердан узр сўраб, қилган ишидан пушаймонлигини билдирган.








