Андижон шаҳар ҳокимининг эски ишидаги кирдикорлари фош бўлди
У 37 нафар ҳамтовоғи билан миллиардлаб пулларни "еб юборган".

Андижон шаҳар ҳокими Баҳром Ҳайдаров давлат бюджетининг 48,5 млрд сўмини талон-торож қилгани маълум қилинди.
Ҳокимнинг 2017 йилдан 2019 йил октябрь ойига қадар Андижон вилояти молия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган даврида содир этган молиявий жиноятлари учун терговга тортиш масаласи Бош прокуратураси томонидан киритилган тақдимномада кўтарилган.
Ҳокимнинг жиноятчи шериклари 37 нафарни ташкил қилиб, уларнинг 32 нафари қамоққа олинган. Ҳозирча етказилган зарарнинг атиги 23 фоизи қоплангани айтилмоқда.
Маълум бўлишича, Андижон шаҳар халқ таълими бўлими мансабдор шахслари 2018 йил ноябрь ойидан 2020 йил ноябрь ойига қадар бир гуруҳ шахслар билан олдиндан ўзаро жиноий тил бириктирган. УзАсбо дастурий мажмуасига уланган буюртмачиларнинг ойлик иш ҳақлари ҳамда бошқа тўловлари бўйича сўровномаларини сохталаштириб, тўловга тақдим қилиши натижасида 48,5 млрд сўм бюджет маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.
Бош прокуратуранинг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси томонидан Андижон шаҳар халқ таълими бўлими мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди ва бошқа моддалар билан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.







