Андижонда Ҳакамлик суди судьяси 15 минг долларлик “ишчи визаси” схемасида ушланди
У олдиндан олган 4 100 доллар “аванс” ини қайтариб бераётганида қўлга тушган.

Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Ҳакамлик суди судьясининг ноқонуний ҳаракатлари фош этилди. Бу ҳақда ДХХ Zamon.uzga хабар берди.
Аниқланишича, судья ўзининг юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали Андижон вилоятида яшовчи икки нафар фуқарони Жанубий Кореяга мавсумий ишчи сифатида юборишни ваъда қилиб, уларидан жами 15 000 АҚШ доллари талаб қилган. Жараённи тезлаштириш баҳонасида у олдиндан 4 100 долларни “аванс” тариқасида олган.
Бироқ ваъда бажарилмагач, судья фуқароларга илгари олган пулнинг бир қисмини қайтариб бериш чоғида ДХХ ва Департамент ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Ҳозирда унга нисбатан ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “а” банди ҳамда 28, 211-моддаси 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, суднинг санкцияси билан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланди.
Тергов ҳаракатлари белгиланган тартибда давом эттирилмоқда.
Аввалроқ Тошкент шаҳар солиқ бош инспектори олган порасини қайтариб бераётганда ушланган эди.







