
— Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан фуқароларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва иш берувчиларда расмий бандликни рағбатлантириш мақсадида субсидиялар ажратилмоқда. Субсидия бандликни рағбатлантириш ва тадбиркорликка жалб этиш учун Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан кўрсатиладиган молиявий кўмак. Ундан фуқаролар ҳам, иш берувчилар ҳам фойдаланиши мумкин.”
Якка тартибдаги тадбиркорлар учун қулайлик
Меҳнат органларига мурожаат қилган, тадбиркорлик қилишни хоҳловчи фуқароларга — якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиш, кичик корхоналар ва микрофирмаларни давлат рўйхатидан ўтказиш, шу жумладан, штамплар ва муҳрлар олиш, электрон рақамли имзо олиш, тадбиркорликка ўқиш харажатларини тўлаш ва кредитни олиш чоғида суғурта полиси ҳақини тўлаш учун харажатларни базавий ҳисоблаш ҳажмининг 10 баравари миқдорида субсидиялар ажратилади.
Ишсиз фуқароларга кўмак
Ишсиз фуқаронинг томорқа хўжалигини ривожлантириш учун меҳнат органи, етказиб берувчи ташкилотлар ва томорқа ер эгалари ўртасида тузилган уч томонлама шартномалар асосида — енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваригача молиявий кўмак берилади. Шунингдек, суғориш воситалари харид қилиш учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваригача, уруғликлар ва кўчатлар сотиб олиш учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 бараваригача субсидия ажратилади.
Қишлоқ хўжалиги соҳалари янада ривожланади
Қишлоқ хўжалиги кооперативлари устав фондига улуш сифатида киритиши учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг
10 бараваригача субсидия берилади. Бунда, қишлоқ хўжалиги кооперативлари балиқчилик, қуёнчилик, паррандачилик, асаларичилик, мева-сабзавотчилик, узумчилик, тикувчилик, ҳунармандчилик ва бошқа илғор соҳаларда ташкил этилади.
7 миллионгача моддий кўмак
Тадбиркорлик ва ўзини-ўзи банд қилиш фаолиятини бошламоқчи бўлган ишсиз, шу жумладан «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқароларга фаолиятини бошлаш учун керак бўлган асбоб-ускуна, меҳнат қуролларини харид қилиш учун 7 миллион сўмгача бўлган миқдорда субсидиялар ажратилади.
Иш берувчилар учун қўшимча имтиёз
Вазирлик томонидан иш берувчилар ҳам молиявий қўллаб-қувватланади. Хусусан,
меҳнат органлари йўлланмаси бўйича ишга қабул қилинган ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга сарфланадиган харажатларни қоплаш учун — ҳар бир ходим учун 6 ой давомида ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 баравари миқдорида;
- ижтимоий эҳтиёжманд аҳоли қатламларига мансуб шахсларни квоталанган энг кам сондан ортиқ миқдорда ишга қабул қилган ташкилотларга — ҳар бир ходим учун 12 ой давомида ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида;
- “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси таркибидаги қўлда гилам ва ипак мато тўқиш билан шуғулланувчиларга 3 тадан кам бўлмаган иш ўрни яратиш шарти билан гилам ва ипак мато тўқиш дастгоҳини харид қилишга сарфланадиган харажатларни қоплаш учун — ҳар бир дастгоҳ учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида;
- “Қоракўлчилик” уюшмаси аъзоларига қўл меҳнати учун ускуналар харид қилиш бўйича харажатларни қоплаш учун —камида битта иш ўрни яратиш шарти билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида;
- тадбиркорлик субъектларига иш ўринлари ва шароитларини ногиронлиги бўлган шахсларга мослаштириш учун - ҳар бир мослаштирилаётган иш жойи учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 бараваригача;
- ўрмон фонди ерларини ижарага олган ижарачилар АБКМда рўйхатдан ўтган ишсиз шахсларни ишга қабул қилган тақдирда, уларга иш ҳақи тўлаш харажатларини қоплаш учун — 6 ой давомида ўртача иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида, бироқ ҳар бир ой учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баробаридан ошмаган миқдорда;
- уста-шогирд анъаналари асосида ёшларга ҳунар ўргатаётган кулолларга шогирдлар тайёрлаши, зарур хом ашё сотиб олиши ва шогирдларни иш ҳақи билан таъминлаши ҳамда ҳунармандларнинг “Ҳунарманд” уюшмасига аъзолик бадали харажатларини қоплаш учун субсидиялар ажратилади.
Баҳринисо Мадумарова


