Ҳой абитуриент, сенда “Х вариант” борми?
Ҳар йили тест имтиҳонлари олдидан абитуриентлар орасида шу гап айланади. Бу эса, репетиторга қатнаб, билимини бойитган, ўз кучи билан ўқишга кирмоқчи бўлган ёшларнинг шаштини пасайтириб, ишончини сўндириши айни ҳақиқат. Бунинг сабаби оддий: йил давомида (балки икки, уч йил) уйқусиз тунлардан воз кечиб, минг тайёрланманг, бир олғир абитуриент ўрнингизга ўқишга кириб турса?..

Тан олиш керак, бундан бир неча йиллар илгари “Х вариант”, “Бункер”, “Ректор ёки декан гуруҳлар” каби тушунчаларни оддий ҳолдек қабул қилардик. Аммо тизим ўзгарди. Бир неча йилдан бери Давлатимиз раҳбарининг бевосита топшириғига биноан, давлат тест имтиҳонлари бутунлай янгича тизимда — ШАФФОФ ўтказилмоқда. Шундай бўлишига қарамай, имтиҳон яқинлашгач, одамлар орасида турли гап-сўз кўпайиб бормоқда. Хусусан, куни кеча баъзи бир ижтимоий тармоқларда “Х вариант чиқишни бошлабди”” қабилидаги хабар тарқалди. Бу хабарга ойдинлик киритиш мақсадида Давлат тест маркази матбуот хизмати ходимлари билан боғландик.
— Сиз айтаётган ана шу жараёнларни бартараф этиш ва ҳаққонийликни таъминлаш, олий ўқув юртларига фақат билимли абитуриентларни саралаб олиш, шаффофликни таъминлаш мақсадида Давлат тест маркази томонидан пухта тайёргарлик кўрилган. “Х вариант”нинг чиқиши ҳақида умуман гап бўлиши мумкин эмас. Тест имтиҳонлари неча кун давом этишидан қатъий назар тест синовларидаги саволлар биринчи, иккинчи, учинчи ёки ўнинчи кундагиси билан бир хил бўлмаслиги чораларини ҳам кўрганмиз. Шу боис, баъзи бир абитуриентлар биринчи ёки иккинчи кунда имтиҳонда қатнашган абитуриентлардан саволлар варақасини ёки жавобини билиб оламан, деган хом хаёлга берилиб юрмаслиги керак. Бунинг иложи йўқ. Бу йил ҳам фақат ўқиган, пухта билим олган абитуриентларгина талаба бўлиш бахтига муяссар бўла олади.
Шу ўринда яна бир нарсани алоҳида таъкидлаб ўтмоқчимиз: Агар бирор шахс абитуриентларга бу йилги тест саволларининг жавобини олиб бераман, деб ваъда берган бўлса, бундай шахсларга ишонмаслик керак. Ёшларимиз осон пул ишлаш илинжида юрган фирибгар кимсаларнинг алдовига чув тушиб қолмасин!
P.S.: Интернет орқали тарқалаётган хабарларнинг ҳаммаси ҳақиқий эмас. Фақатгина расмий манбаларга ишонинг!
Баҳринисо Мадумарова







