Жамият
|
21 Октябр 16:13
420
Жамият
|
21.10.2021, 16:13
420

Давлат бюджети тўғрисидаги қонунга ўзгартиш киритилди

Давлат бюджети тўғрисидаги қонунга ўзгартиш киритиш масаласи кўриб чиқилди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг Ахборот хизмати хабар берди.

 

 

2021 йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қонунга давлат мақсадли жамғармалари ҳамда республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган маблағларнинг чекланган миқдорлари бўйича ўзгартиш киритилмоқда.

 

Қонунга кўра, инвестиция дастурларига 6,0 трлн. сўм, айрим муассасаларга киритилган қўшимча штат бирликларини молиялаштириш учун эса 1,4 трлн. сўм миқдорида маблағлар ажратилмоқда. Шунингдек, мудофаа ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни сақлаш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш харажатларига ҳам 1,4 трлн. сўм бериш белгиланмоқда.

 

Бундан ташқари, жорий йилда коронавирусга қарши курашиш тадбирлари учун режалаштирилган 3,0 трлн. сўм маблағ тўлиқ ишлатилганлиги сабабли қўшимча маблағ захирасини яратишга 1,3 трлн. сўм ажратилади.

 

Қонунда давлат-хусусий шериклиги асосида мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш учун имтиёзли кредитлар бериш ҳам янада қулайлаштирилади. Қолаверса, болалар қамрови ортганлиги сабабли 1,1 трлн. сўм қўшимча субсидия ажратиш ҳам режалаштирилган.

 

Қонунга киритилган қўшимчаларга биноан, “Янги Андижон” шаҳарчасини барпо этиш ва Андижон вилоятида тадбиркорликни ривожлантиришга ҳам 1,3 трлн. сўм маблағ йўналтириш назарда тутилган.

 

Қонунда ушбу қўшимча харажатларни қоплаш манбалари ҳам белгилаб берилган.Аввалроқ 25 ёшдан ошмаган ходимлар учун ижтимоий солиқ суммаси давлат бюджетидан қопланиши, 2021 йил учун давлат бюджетига ўзгартиришлар киритилгани ҳамда Сенат томонидан жорий йил учун давлат бюджети харажатларига оид ҳужжат тасдиқлангани ҳақида хабар берилганди.

 

Оламгир Абдиев