Фуқаро ўз сақловида бўлган тарихий газеталар тўпламини Миллий архивга топширди
Архив ўтмишга назар солишдир. Демакки, бунда ҳатто биргина битик ҳам мозийдан сўзлайди. Ўз даврида чоп этилган газета ва журналларнинг аҳамияти ҳақидаку гапирмаса ҳам бўлади.


Бунинг масъулиятини ҳис эта олган фуқаро Алфия Давронова ўзининг оилавий архивида сақланиб келган, ўзбек ёзувида нашр этилган “Янги Фарғона” номли газеталар тўпламини ихтиёрий равишда давлат сақловига топширди.
Мазкур газеталар тўплами 1928 йилларга оид бўлиб, унда Ўзбекистоннинг XIX аср бошларидаги сиёсий-иқтисодий ва ижтимоий-маданий ҳаётидаги муҳим воқеалар ўз аксини топган. Айни вақтда Миллий архивнинг илмий ходимлари томонидан ушбу газеталарнинг қимматлилик даражаси ва ундаги мақолаларнинг мазмун-моҳияти ўрганилмоқда.

Маълум қилинишича, Миллий архивнинг тажрибали реставраторлари манбалар устида иш олиб боради.
Миллий архив мутахассислари ушбу қимматли ҳужжат келажакда юртимизга оид асл тарихнинг очилмаган қирраларини ёритишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади, деган умидда.
Маълумот ўрнида, бугунги кунда Ўзбекистон Миллий архиви нафақат республикадаги, балки Марказий Осиёдаги энг йирик архивлардан биридир. Унинг фондларида юртимизнинг IX асридан тортиб, то шу бугунги кунгача бўлган даврига оид бой тарихи акс этган ноёб ҳужжатлар жамланган.







