1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. энг долзарб / 
  4. «Ҳаж-2022» мавсуми учун тўлов миқдори маълум бўлди

05:23 / 03.06.2022

1.2k

«Ҳаж-2022» мавсуми учун тўлов миқдори маълум бўлди

«Ҳаж-2022» мавсуми учун тўлов миқдори маълум бўлди

Шунингдек, бу йил Ўзбекистондан қанча зиёратчи Ҳаж амалини адо этиши ҳам очиқланди.

 

Бу ҳақда АОКАда ўтказилаётган брифингда Дин ишлари бўйича қўмита ахборот хизмати раҳбари Илҳом Маърупов маълум қилди.

 

Хабарга кўра, бу йил 1 нафар зиёратчига тўлов миқдори 62 миллион 900 минг сўм этиб белгиланди.

 

Қайд этилишича, нархларнинг ошишига Саудия ҳукумати томонидан ҳаж сафари нархига таъсир қилувчи қўшимча солиқ ва мажбурий тўловлар жорий қилинган, коммунал, транспорт, электр-энергия ва бошқа хизматлар учун тўловлар миқдори бир неча баравар (30-40 фоиз) ошгани сабаб бўлган.

 

Ҳаж амалларини ташкил этувчи муассасаларнинг хизматларига 2022 йилда янги мажбурий тўловлар жорий этилган. Шу боис дунё мамлакатлари учун Ҳаж хизматлари нархи ўртача 40-45 фоизга кўтарилган.

 

Саудия ҳукумати томонидан бу йилги Ҳаж ибодатини адо этиш учун хорижий ва маҳаллий фуқароларга қуйидаги талаблар эълон қилинди:

 

Биринчидан, Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва умра вазирлиги томонидан қўйилган қатъий карантин талабга кўра, “Ҳаж-2022” мавсумида иштирок этиш ёш чегараси 65 ёшгача этиб белгиланди. Ушбу ёш чегарасига 1957 йил 30 июнь кунигача туғилган инсонлар киради.

Кези келганда, шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ёш чегараси билан боғлиқ мазкур тартиб – Ўзбекистон томонининг эмас, балки Саудия Арабистонининг қатъий талаби ҳисобланади.

Иккинчидан, бўлажак ҳожилар Саудия Арабистони Подшоҳлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги талабига кўра, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тасдиқланган Pfizer/BioNTech (ақш-Хитой), Oxford-AstraZeneca (Буюк Британия-Швеция), Moderna (ақш) ва Johnson & Johnson (ақш) вакциналарининг тўлиқ дозасини қабул қилган бўлишлари шарт;

Учинчидан, барча зиёратчилар Саудия Арабистони Соғлиқни сақлаш вазирлиги талабига кўра, менингитга қарши 4 валентли вакцинани қабул қилган бўлиши зарур;

Тўртинчидан, барча фуқаролар Саудия Арабистонига киришдан 72 соат олдин коронавирус диагностикаси ҳақида салбий натижали ПЗР маълумотномани тақдим этишлари лозим.

 

Юртимиз зиёратчилари шу йилнинг 18-30 июнь кунлари Тошкент-Мадина, Бухоро-Мадина, Наманган-Мадина, Самарқанд-Мадина, Қарши-Мадина, Урганч-Мадина, Нукус-Мадина йўналишлари бўйича ҳаж сафарига кузатилади ва худди шу йўналишлар бўйича 14-31 июль кунлари юртимизга қайтиб келади.

Маълумот учун, зиёратчиларимиз Мадина шаҳрида “Масжиди Набавий”дан 100 метр узоқликда жойлашган 5 юлдузли “Зам-Зам Пуллман” ва “Краун Плаза” меҳмонхоналарида, Макка шаҳрида эса “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонасида истиқомат қилади.

 

Ҳаж мавсумида ўзбекистонлик зиёратчиларга хизмат кўрсатиш ҳамда ибодатларни эмин-эркин ва тўла-тўкис амалга оширишлари учун соҳа мутахассисларидан иборат Ишчи гуруҳи, шифокорлар ва гуруҳ раҳбарлари жалб этилади.

 

Зиёратчига нафақат меҳмонхона балки, Мино-Муздалифа-Арафот манзилларида ҳам уч маҳал иссиқ овқат тортиқ этилади ҳамда бепул тиббий хизмат кўрсатиш таъминланади.

 

Яна бир муҳим янгилик — бу йил Ўзбекистондан 10 865 киши ҳаж сафарига боради. 2019 йилда бу кўрсаткич 7 200 нафар эди.

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика