
Малакали кадрлар тайёрлаш, уларнинг рақобатбардошлигини ошириш Ўзбекистон Республикаси олдида турган стратегик вазифалардан бири. Бунинг учун энг аввало таълим ва меҳнат бозорининг ҳамкорлигини йўлга қўйиш муҳим. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, унинг ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Бандлик ва Меҳнат муносабатлари, Олий Таълим вазирликлари, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган халқаро семинарда айнан шу ҳақда сўз борди.

Президент Шавкат Мирзиёев 31 август куни қайд этганидек, Республикада олий таълим қамрови сўнгги беш йилда 29 фоизга оширилди. Ҳозирда юз минглаб бўлажак кадрлар ОТМларда таҳсил олмоқда. Бандлик ва Меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов ҳар йили меҳнат бозорига 700 минг янги ишчи кучи кириб келаётганини маълум қилди.

Эндиликда уларнинг сони эмас, сифатини ошириш долзарб аҳамият касб этяпти. Вазир ўринбосари Баҳодир Умрзоқовнинг айтишича, Ўзбекистонда 1.4 миллион бўш иш ўрни мавжуд, аммо 1.5 миллионга яқин ишсиз фуқаролар ҳам бор. Бундай номутаносибликнинг бош сабаби–– зарур касбий малака мавжуд эмаслигида.
Сўнгги йилларда малакали кадрлар етиштириш, меҳнат бозори билан таълимни интеграция қилиш мақсадида қатор ишлар амалга оширилди. Олий ва Ўрта-махсус таълим вазири биринчи ўринбосари Комилжон Каримов буни ҳаётнинг ўзи тақозо қилаётганини алоҳида таъкидлади. 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб ОТМ ўқув режа ва дастурлари меҳнат бозори талабларидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилишига эътибор қаратилмоқда.

Шунингдек, келгусида хусусий секторни таълим соҳасига жалб қилиш устувор вазифа экани қайд этилди. Хусусий таълим муассасаларини кўпайтириш орқали рақобатбардошликни ошириш мумкин. Ҳозирда бу йўналишда ҳам ишлар қамрови кенгайган. Натижа ҳам шунга яраша. Айни дамда Республика бўйлаб 20 дан ортиқ хусусий ОТМ мавжуд.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент давлат иқтисодиёт ва Индонезия таълим университети ўртасида қўшма таълим дастурини ташкил этиш бўйича шартнома имзолангани хабар қилинган эди.
Жаҳонгир Қўзиев


