Олти ёшли болалар мажбурий бир йиллик таълимга қандай асосларда қабул қилинади?
Мутахассислар ўтказган тадқиқотларга кўра, инсон ўз ҳаёти давомида эга бўладиган барча маълумотнинг етмиш фоизини беш ёшгача бўлган даврда олади.


Шу боис мамлакатимизда мактабгача таълим узлуксиз таълим тизимининг ажралмас бўлагига айланган. Олти ёшли болаларни мактаб таълимига тайёрлаш соҳа вакиллари олдида турган муҳим вазифа этиб белгиланган. Юртимизда бугунги кунда жами 669 минг 198 нафар 6 ёшли болаларнинг 311минг 618 нафари мактабга тайёрлов гуруҳларига қамраб олинган.
Бу ҳақда Мактабгача таълим вазирлиги ташаббуси билан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Қайд этилганидек, жами болаларнинг 515 минг 144 нафари, яъни 77 фоизи мактабгача таълимга қамраб олинган. Шунингдек, Президентнинг “Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш Концепцияси”га мувофиқ мактабгача таълим ёшидаги болалар қамровининг янги мақсадли кўрсаткичлари белгиланди. Унга кўра, 2025 йилга келиб олти ёшли болаларнинг мажбурий бир йиллик бепул тайёрлов гуруҳларига тўлиқ жалб қилиш ҳамда 2030 йилгача республикадаги 3-7 ёшдаги болаларнинг 80,8 фоизини мактабгача таълим билан қамраб олиш кўзда тутилган.
МТТга қамраб олинган 6 ёшли болаларни мактаб таълимига тайёрлаш учун “Илк қадам” ва “Илм йўли” вариатив ўқув дастуридан фойдаланилмоқда.

—Бунда давлат мактабгача таълим муассасаларида болалар бепул таълим-тарбия олади. Ҳар хил ижтимоий-маиший моддиятлар учун ота-оналардан пул йиғилмайди. Бунга давлат бюджетидан ҳар бир бола учун пул ажратилган. Ота-оналардан санитария-гигеник восита ёки бошқа нарсалар учун ҳеч қандай пул ундирилмайди. Агар шундай ҳолатлар кузатилса, Мактабгача таълим вазирлигига мурожаат қилиш зарур. Биз мавжуд ҳолатни тезкорлик билан ўрганиб, тегишли чоралар кўрамиз,— дейди Мактабгача таълим вазири ўринбосари Нодир Муслитдинов.
Болаларни бошланғич таълимга мажбурий бир йиллик тайёрлашда ҳар бир болага давлат бюджетидан ойига 416 минг 700 сўм, йилига 5 миллион сўм маблағ ажратилади.
Мажбурий бепул таълимга 2020 йилда 50 миллиард, жорий йилда эса 57,8 миллиард сўм маблағ ажратилган.
Бугунги кунда 6 ёшли болалар қисқа муддатли, мактабга тайёрлов ва бошланғич таълимга мажбурий бир йиллик бепул тайёрлов гуруҳларига қамраб олинади. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, қисқа муддатли ва мактабга тайёрлов гуруҳларида ота-оналардан фақат болаларни овқатлантириш учун пул ундирилади.
Қисқа муддатли гуруҳларда бола таъминоти учун ота-оналар тўлови миқдори МТТнинг жойлашган манзили ва МТТга оиладан қатнаётган болалар сонига қараб табақалаштирилган.
Оиладан 1 нафар бола қатнаганда Тошкент шаҳрида 38 минг сўм, вилоят марказида 36 минг, вилоятга бўйсунувчи шаҳарларда 32 минг, туман марказида 29 минг, бошқа жойларда 26 минг сўм, оиладан 2 нафар ва ундан ортиқ бола қатнаганда Тошкент шаҳрида 26 минг сўм, вилоят марказида 25 минг, вилоятга бўйсунувчи шаҳарларда 23 минг, туман марказида 20 минг, бошқа жойларда 18 минг сўм тўлов олинади.
Шунингдек, республиканинг 70 та туманида жойлашган МТТларда ушбу миқдор икки баравар кам.
МТТнинг мактабгача тайёрлов гуруҳларида ота-оналар тўлови миқдорлари МТТ жойлашган манзили, гуруҳ иш режими ва МТТга оиладан қатнаётган болалар сонига қараб табақалаштирилган.

Ота-она тўлови миқдори 9 соатли иш режимида оиладан 1 нафар бола қатнаганда Тошкент шаҳрида 206 минг сўм, вилоят марказида 199 минг, вилоятга бўйсунувчи шаҳарларда 183минг, туман марказида 135 минг, бошқа жойларда 95 минг сўм, оиладан 2 нафар ва ундан ортиқ бола қатнаганда эса Тошкент шаҳрида 147 минг сўм, вилоят марказида 141 минг, вилоятга бўйсунувчи шаҳарларда 130 минг, туман марказида 102 минг, бошқа жойларда 77 минг сўмни ташкил этади.
Ота-она тўлови миқдори 10,5 соатли иш режимида оиладан 1 нафар бола қатнаганда Тошкент шаҳрида 246 минг сўм, вилоят марказида 238 минг, вилоятга бўйсунувчи шаҳарларда 206 минг, туман марказида 183 минг, бошқа жойларда 167 минг сўмдан иборат.
Матбуот анжуманида таъкидланганидек, тўлов ундириладиган гуруҳларнинг бошланғич таълимга мажбурий бир йиллик бепул тайёрлов гуруҳларидан фарқи — болаларнинг овқатланиши билан боғлиқ. Мажбурий бир йиллик бепул тайёрлов гуруҳлари учун болаларни овқатлантириш кўзда тутилмаган.
Достонбек Бахтиёрзода







