Ўзбекистонлик йигит рус генералини ўлдиришда гумонланмоқда
Ҳозирда у қўлга олиниб, сўроқ қилинмоқда.

Россияда 29 ёшли Ўзбекистон фуқароси террорчилик ҳужуми содир этишда гумон қилиниб, қўлга олинди. У 17 декабр куни Россия Федерацияси қуролли кучлари радиация, кимёвий ва биологик мудофаа қўшинлари бошлиғи Игор Кириллов ва унинг ёрдамчиси Иля Поликарповнинг ўлдирилишида гумонланмоқда.
У сўроқ пайтида Украина махсус хизматлари томонидан ёллангани, бунинг учун 100 минг доллар миқдорида пул мукофоти ва Европа давлатларидан бирига яшаш учун чиқиши кафолатланганини айтган.
Ҳозирда ушбу жиноятни уюштиришга алоқадор бошқа шахслар аниқланмоқда. Маҳаллий нашрлар иккинчи гумонланувчи ҳам қўлга олинганини ёзмоқда.
Маълумотларга кўра, генерални ўлдиришда гумон қилинаётган шахснинг исми — Аҳмад Қурбонов. У Балашихда яшаган ва Москва яқинидаги Черное қишлоғида қўлга олинган.







