Сохта қатнов, қиммат чипта ва алданган йўловчилар: Транспорт вазирлиги огоҳлантирди
Фирибгарлар кассаларда чипта қолмаганини айтиб, йўловчиларга уларни бир неча баробар қиммат нархда таклиф қилмоқда.

Ўзбекистон Транспорт вазирлиги Россиядан автобус орқали Ўзбекистонга қайтмоқчи бўлган фуқароларни фирибгарлардан эҳтиёт бўлишга чақирди.
Вазирлик маълумотига кўра, сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқлар ҳамда YouTube каналларида «Uzautotrans Service» компанияси автобусларининг фото ва видеоларидан фойдаланиб, сохта қатнов эълонларини жойлаштириш ҳолатлари кузатилмоқда.
Фирибгарлар йўловчиларга уларни компаниянинг автобуслари орқали Тошкентга жўнатишларини айтиб, тегишли рейслар учун кассаларда чипта қолмаганини важ қилишади. Шундан сўнг чипталарни бевосита ўзларидан бир неча баробар қиммат нархда сотиб олишни таклиф этишади. Айрим йўловчилар эса чипта харид қилганидан кейин ноқонуний фаолият юритувчи автобусларга чиқариб юборилмоқда.
Транспорт вазирлиги маълумотига кўра, «Uzautotrans Service» компанияси Москва шаҳридаги «Новоясеневская» ва «Котельники» автостанцияларидан Тошкент автовокзалига ҳафтанинг душанба ва пайшанба кунлари автобус қатновларини амалга оширади.
Чипталарни мазкур автостанцияларнинг кассаларидан, шунингдек, уларга тегишли мобил иловалар ва расмий сайтлар орқали онлайн харид қилиш мумкин.
Чипта нархлари:
- доимий қатновларда — 8 500 рубль;
- шу куннинг ўзида ташкил этиладиган қўшимча рейсларда — 7 000 рубль.
Вазирлик фуқароларни фирибгарлар тузоғига тушиб қолмасликка чақирди.








