Associated Press хабарига кўра, Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) Қатарда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида биринчи интизомий иш очди. Бунга Қатар терма жамоаси билан турнирнинг очилиш ўйини чоғида Эквадор терма жамоаси мухлисларининг камситувчи ҳайқириқлари сабаб бўлган.
Эквадор терма жамоаси якшанба куни “Эль-Байт” стадионида Қатар терма жамоасини 2:0 ҳисобида мағлуб этди. Шундан сўнг, ФИФА мухлисларнинг ҳайқириқлари туфайли Эквадор терма жамоасига қарши айбловлар қўйди ва ўз тартиб-интизом кодексининг дискриминацияга оид бўлимига ишора қилди.
Хабарда қайд этилишича, ушбу чақириқлар жаҳон чемпионати олдидан турнирда Эквадор ўрнини эгаллашни истаган Чили терма жамоасига қаратилган.
Шунингдек, эквадорлик мухлислар ҳам “Биз пиво истаймиз” деб ҳайқирган. Аввалроқ ФИФА ва ЖЧ-2022 ташкилотчилари жаҳон чемпионатининг барча стадионларида алкоголли пиво сотишни тақиқлаган эди.


