Қорақалпоғистонлик юртдошимиз Берунийдан Тошкентгача бўлган масофани велосипедда босиб ўтади
Берунийлик Равшан Яқшимуратов ушбу веломарафонни истиқлол айёмига бағишлашини айтиб ўтди.


Халқимизнинг энг улуғ ва энг азиз байрами — мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманида доимий яшовчи юртдошимиз Равшан Яқшимуратов ёлғиз ўзи велосипедда Берунийдан Тошкент шаҳрига қараб йўлга чиқди. У “Қудратли Ўзбекистоннинг ўтмиши ва келажаги буюк” шиори остида яккалик веломарафон ўтказиш ташаббусини илгари сурди ва бу ташаббус тўлиқ қўллаб-қувватланди.
Мазкур веломарафонга Беруний туманида жойлашган Пил қалъа тарихий ёдгорлиги олдидан старт берилди. Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Туризм ва спорт бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Aдилбек Aлланазаров, шунингдек, Беруний тумани туризм ва спорт бўлими, маҳаллий нуронийлар, ёш авлод вакиллари ва спорт фаоллари иштирок этишди. Йиғилганлар Р.Яқшимуратовга оқ йўл тилаб, дуога қўл очишди.
Таъкидлаш лозим, Р.Яқшимуратов Қорақалпоғистон Республикасидан йўлга чиқиб, Бухоро, Навоий, Самарқанд, Жиззах ва Сирдарё вилоятлари орқали ўтган ҳолда истиқлол айёми кенг нишонланаётган улуғ кунларда мамлакатимизнинг бош кенти —Тошкентга етиб келишни режалаштирган.
Баҳринисо Мадумарова тайёрлади.







