Қозоғистон аҳолиси Ўзбекистонда ёндирилаётган ахлаттепалар тутунидан азоб чекмоқдами?
Ижтимоий тармоқларда тарқалган “Қозоғистон аҳолиси Ўзбекистонда ёндирилаётган ахлаттепалар тутунидан азоб чекмоқда” номли хабарда келтирилган фикрлар бўйича Давлат экология қўмитаси қуйидагиларни маълум қилди.

Тошкент туманидаги маиший чиқинди полигони “Оқтом” МФЙда жойлашган бўлиб, умумий майдони 10 гектардан иборат. 2010 йилда ташкил этилган полигонда 43 120 тонна чиқинди мавжуд.
Полигон 2020 йилда давлат-хусусий шериклик асосида фойдаланиш учун “ZANGIOTA OBODON” МЧЖ ихтиёрига ўтказилган. Битим доирасида ушбу полигон 10 йил муддатга беғараз фойдаланиш учун берилган.
Полигонда чиқиндиларни саралаш линияси (300 т/йил) ўрнатилган.
Ўзбексистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 апрелдаги ПҚ-4291-сон қарори билан тасдиқланган “Қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш стратегия”сига мувофиқ, мазкур полигон фаолиятини тўхтатиш, рекультивация қилиш, устини тупроқ қатлами билан ёпиш ҳамда ҳокимият ер захирасига топшириш кўзда тутилган. Туманда ҳосил бўладиган чиқиндилар эса Янгийўл туманидаги чиқинди полигонига жойлаштирилади.
Ҳозирда ушбу полигонда чиқиндилар туташини бартараф этиш мақсадида жорий йилнинг 7 август кунидан эътиборан 3 та бульдозер, 1 та автоюклагич ҳамда 2 та самосвал техникалари жалб қилинган. Ушбу техникалар ёрдамида полигонни рекультивация қилиш ва кўмиш ишлари олиб борилмоқда.
Полигондаги чиқиндиларни ўз вақтида рекультивация қилиш тадбирларини амалга оширмагани ва чиқинди ёнишининг олидини олмаганлиги учун “ZANGIOTA OBODON” МЧЖ расмий огоҳлантирилди.
Келгусида бундай ҳолат такрорланмаслиги учун полигон фаолияти Давлат экология қўмитасининг Тошкент вилоят инспекцияси томонидан қатъий назоратга олинди.







