1994 йилда туғилган юртдошимиз Б.Юсупов билан шундай ҳолат кузатилди. У Россиянинг “МОНОТЕК СТРОЙ” МЧЖда иш бошлаганидан 2 ой 5 кун ўтиб, 2020 йил 21 сентябрь куни ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса оқибатида вафот этганди. Уни Хоразм вилоятида ота-онаси,1995 йилда туғилган турмуш ўртоғи ва 2019 йилда туғилган қизи яхши ниятлар билан кутгани, шубҳасиз.
Марҳумнинг оиласига зарарни ундириб бериш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан россиялик юристлар жамоаси жалб этилиб, узоқ давом этган жараёнлардан сўнг 1 млн 161 минг рубль (15 774 АҚШ доллари) маблағ тўлаб бериш бўйича иш берувчи билан юридик келишувга эришилди.
Шунингдек, Россия қонунчилигига мувофиқ, марҳумнинг оиласига жабрланувчининг иш жойида бахтсиз ҳодиса оқибатида вафот этгани муносабати билан 1 млн рубль атрофида компенсация берилиши ҳам кўзда тутилган.
Ҳозирги вақтда Россия Федерацияси Ижтимоий суғурта жамғармасидан ушбу маблағни ундириш ва марҳумнинг вояга етмаган қизига 18 ёшга тўлгунга қадар нафақа тайинлаш масаласи ҳал қилинмоқда.
Айтиб ўтиш ўринли бўладики, иш жойидаги ўлим ёки шикастланиш иш берувчининг айби билан содир бўлса, жабрланувчи ёки унинг яқин қариндошлари компенсация олиш ҳуқуқига эга. Шу билан бирга, меҳнат мигрантларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хорижий адвокатлик ташкилотлари (Россияда 18 та, Қозоғистонда 4 та, Туркияда 3 та) билан шартномалар имзолаган.
Аввалроқ, Меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларга компенсация тўлаб берилиши ҳақида хабар бергандик.
Мафтуна Режаббоева


