Россиядан келтирилган поездларда эшиклар кенгайтирилиб, видео кузатув кучайтирилган (видео)
Бугун, 31 август куни Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида, Тошкент метрополитени учун Россиядан 5 та метропоезд олиб келинди.

Янги вагонлар қатор техник имкониятлар ва афзалликларга эга:
— Вагонлар орасидаги герметик «гармошка» кўринишидаги ўтиш жойлари йўловчилар учун поезднинг бошдан охиригача ўтиш имконини беради ва бу билан ҳаракат таркибининг сиғимини оширади;
— Йўловчилар салонига ҳар бир томондан тўрттадан икки қаватли автоматик эшиклар ўрнатилган. Уларнинг 12 фоизга кенгайтирилгани йўловчиларнинг тасодифан қисилиб қолишининг олди олади;
— Салондаги ҳароратни ўрнатилган кондиционер, иситиш ва шамоллатиш тизими таъминлаб туради. Шунингдек, шифтда махсус ҳимоя қутилари ичида ҳавони ультрабинафша лампалар ёрдамида зарарсизлантириш тизими қўлланилган;
— Ҳар бир вагон телеканаллар трансляцияси имкони билан бирга йўловчиларга замонавий маълумот узатиш тизимига эга;
— Вагонлар видеокузатув тизими билан жиҳозланган, жумладан шифт камералари, шунингдек, шошилинч алоқа блоклари устида ҳам камералар мавжуд, ёнғинни автоматик пайқаш ва ўчириш тизими бор;
— Машинист кабинасида йўллар ҳамда ҳаракатланувчи состав вагонлари эшикларини назорат қилувчи видеокузатув тизими монитори жойлашган.
2021 йил охирига қадар яна 20 та метро вагони Тошкентга юборилиши режалаштирилмоқда.
Муножат Валиева







