Самарқандда аҳолидан ўмарилган газ қайтарилди
Нуробод тумани “Нурободтумангаз” таъминоти бўлими ходими томонидан халққа бериладиган газ баллон ҳужжатлари сохталаштирилиб, ўмарилгани очиқланди. Бу ҳақда Zarnews хабар берди.


Zamon.uz мухбири масала юзасидан суриштирув олиб борди. Нуробод тумани ҳокими, “Нурободтумангаз” бошлиғи билан боғланиб, масалага ойдинлик киритди. Таъкидланишича, фирибгар ходим айби очилиши билан ишдан бўшатилган.
“Бизнинг туманда 39 та маҳалла фуқаролар йиғини бўлиб, ундан 12 та маҳалла қисман газ билан таъминланган. Фақат битта маҳаллада тўлиқ газ таъминоти ўрнатилган”, – деди “Нурободтумангаз” бошлиғи.
Ҳокимининг маълумотига кўра, туманда битта одамнинг газ баллони ўмарилган. Ижтимоий тармоқларда эса кўплаб одамларнинг газ баллонлари етиб келмагани айтилганди.
Эслатиб ўтамиз, воқеа 7 август куни Чортут маҳалласида юз берган. Фуқаро Жўрабек Тўрақулов туман газ бошлиғига ариза билан мурожаат қилган. Маълумот ўрнида, битта газ баллон тўлдириб олиб келиш 22 700 сўм ҳисобланади.
Аввалроқ Самарқандда газчилар 252,9 миллион сўмни ютиб юборгани айтилганди.







