
Шавкат Мирзиёев келгуси беш йилда пойтахтда Интернет тезлигини 5 баробарга, рақамли хизматлар ҳажмини 3 баробарга ошириш режалаштирилганини қайд этди.
Шунингдек,
— шаҳарда қуриладиган ҳар бир кўп қаватли уй-жой, таълим, тиббиёт, маданият ва бошқа объектлар юқори тезликдаги Интернет тармоғи билан жиҳозланиши шарт бўлади;
— мавжуд 2 мингта тиббиёт ташкилотлари, боғча, мактаб, олийгоҳ ва маҳалла идоралари юқори тезликдаги Интернет тармоғига уланади;
— барча метро станциялари, автобус бекатлари ва бошқа жамоат жойлари симсиз Интернет тармоғи билан таъминланади;
— давлат хизматлари ва пенсия тизими тўлиқ рақамлаштирилади;
— шаҳар аҳолиси учун ягона тиббий карта, тиббий суғурта ва электрон рецепт ахборот тизимлари ишга туширилади.
— барча туманларда “Хавфсиз шаҳар” тизими жорий этилади.
Бунда сунъий интеллект қурилмаларидан кенг фойдаланган ҳолда аҳоли гавжум жойлар, дам олиш масканлари, вокзал ва аэропортлар ҳамда чорраҳаларда шахсни идентификация қилиш имконияти яратилади.
— Мирзо Улуғбек туманида “IT-Park” фойдаланишга топширилиб, рақамли маҳсулотлар ҳажми 100 миллион долларга етказилади.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги 575 та маҳаллага 10 миллиард сўмдан маблағ ажратилиши ҳақида ҳам тўхталиб ўтди:
— Маҳаллаларни ривожлантириш бўйича шаҳар ҳокимлиги қошида алоҳида жамғарма ташкил этилади ҳамда ҳар бир маҳаллага 10 миллиард сўмдан ажратилади. Бу шаҳар бўйича қарийб 600 миллион доллар маблағ деганидир.
Ушбу маблағларнинг 5 миллиард сўми аҳоли таклифлари асосида очиқ ва шаффоф “Фуқаролар бюджети” тизимидан фойдаланиб, энг долзарб бўлган ижтимоий ва коммунал лойиҳаларга сарфланади.
Яна 5 миллиард сўми эса маҳаллада бандликни таъминлаш, кичик ва оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади. Мазкур маблағдан самарали фойдаланишга янги иш бошлайдиган ҳоким ёрдамчилари масъул бўлади.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Чирчиқ шаҳридаги “Кимёгарлар” маданият саройи ҳамда Тошкент вилоятида жойлашган IT академиясига боргани хабар қилинганди.


