Тошкент метросида карантин қоидаларига риоя этиляптими?
«Тошкент метрополитени» унитар корхонаси бекатларида карантин қоидаларига риоя этилиши юзасидан рейд тадбирлари ўтказилди, дея хабар бермоқда «Ўзбекистон темир йўллари».


«Ҳозирги кунда юртимизда карантин қоидалари юмшатилган бўлса-да, бироқ вирус биздан ҳанузгача чекингани йўқ. Аммо карантин чекловлари юмшатилгани сабабли айрим фуқаролар томонидан аҳоли гавжум жойларда тиббий ниқобсиз ҳаракатланиш давом этмоқда», дейилади хабарда.
Маълум қилинишича, шу муносабат билан Ички ишлар вазирлиги Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси ходимлари томонидан Тошкент метрополитенида рейд тадбирлари ўтказилди.
«Метро бекатларида йўловчиларнинг тўпланиши - бу хавф тўлқинидан далолатдир. Буни англаган йўловчилар карантин қоидаларига амал қилган ҳолда ҳаракатланишмоқда. Бироқ айрим йўловчилар ўз ҳаётига эътиборсизлик ва лоқайдлик билан ниқобсиз ёки ниқобларини жағ қисмига туширган ҳолда ҳаракатланишмоқда».
Қайд этилишича, профилактик тадбирларни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад карантин қоидаларига риоя қилмаган йўловчиларни жаримага тортиш эмас, аксинча вирусни енгишда ҳамжиҳатликни таъминлаш.
Ҳуқуқ-тартибот ходимлари бу гал карантин талабларини бузган фуқароларни вирус хавфидан огоҳлантириб, ўз саломатлигига эътиборли бўлишга чақирган. Ниқоблар тез-тез алмаштирилиши лозимлиги тушунтирилиб, тиббий ниқоблар тарқатилган.
Аввалроқ Москва метро бекатларидан бирида тожик ва ўзбек тилларида ёзувлар пайдо бўлгани ҳақида хабар берилганди.







