— Боғча ёшидаги невараларингиз бордир. Уларнинг таълим-тарбия олиши учун қайси МТТни танлагансиз?
— Ҳа албатта, ҳозир у 4 ёшда. Исми Алексей. У Тошкент шаҳридаги мактабгача таълим ташкилотларидан бирида ҳамма болалар қатори таълим-тарбия олади. Набирам бошқа тенгқурлари қатори таълим олишига катта эътибор қаратаман.
— 2021 йил аввалида мактабгача таълим тизимида режалаштирилган амалий ишларнинг ижроси қай даражада таъминланди?
— Муҳим ўзгаришлардан бири шундаки, давлат-хусусий шериклик доирасида оилавий боғчалар шаклида ўқитишнинг муқобил модели амалга оширилди. Қамров даражаси 60,9 фоиздан 67, 2 фоизга ортди. Қолаверса, тизимда молиявий қонун бузилиш ва коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ягона ахборот тизимини яратиш каби вазифалар ҳам белгиланганди. Йиллар давомида бу муаммоларга қарши курашиб келяпмиз. Аммо буткул уни йўқ қилиш учун мукаммал рақамлаштириш тизимига ҳануз эҳтиёж мавжуд.
— Ўтган йилнинг биринчи ярим йилида кенг тарғиб қилинган “Ақлвой” мобил боғчалари ҳақида, негадир, иккинчи ярим йилликда деярли маълумот берилмади. Лойиҳа қанчалик ўзини оқлади?
— “Ақлвой” мобил гуруҳлари 2021 йил июнь ойига қадар фаолият кўрсатиб келди. Мазкур лойиҳадан кўзланган мақсадга эришдик. У ўзини оқлади, деб ҳисоблайман. Бугунги кунда ушбу лойиҳа доирасида Сурхондарё (3 та) ва Қашқадарё (4 та) вилоятларида “Ақлвой” мобил гуруҳларини ташкил этиш режалаштирилган. Бунинг учун маблағлар ҳам ажратилган.
— 2021 йилда вазирлик ички аудит тизими томонидан аниқланган молиявий камчиликларни яна такрорланмаслиги учун 2022 йилда қандай чоралар кўрилмоқда?
— Жорий йилда кузатув камералар орқали назорат тизими янада мукаммаллаштирилади. Шу масала бўйича бошқа давлат назорат органлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликни йўлга қўйишни ҳам режалаштирганмиз. Бу ҳақида батафсил ҳар чоракда камида бир маротаба ОАВга ҳисобот бериб борилади.
— Тизимдаги қонун бузилиш ҳолатлари, хусусан, бюджет маблағларини талон-тарож қилиш соҳада иш ҳаққи миқдорининг пастлиги эвазига ҳам юзага келмоқда. МТТ ходимларнинг ойлик маошларини кўтарилиши билан боғлиқ қандайдир амалий тадбирлар ҳам белгиланганми? Ўзи шу масалага қандай қарайсиз?
— Бу бўйича вазирлик томонидан босқичли равишда амалга ошириладиган лойиҳалар ишлаб чиқилган. Лойиҳага кўра, давлат мактабгача таълим ташкилотлари директори ва педагог ходимлари лавозим маошларини умумтаълим мактаблари директор ва ўқитувчилари лавозим маошларига тенглаштириш, тарбиячи ёрдамчилари ва ошхона ходимлари лавозим маошларини 50 фоиздан кам бўлмаган миқдорда ошириш, вилоят мактабгача таълим бошқармалари ва туман (шаҳар) мактабгача таълим бўлимлари методистлари лавозим маошларини умумтаълим мактаби ўқитувчиси лавозим маошига тенглаштириш, раҳбар ходимлар лавозим маошларини умумтаълим мактаби ўқитувчиси лавозим маошидан кам бўлмаган миқдорда ошириш, туман (шаҳар) мактабгача таълим бўлимлари марказлашган молия-бухгалтерия хизмати ходимлари лавозим маошларини бир бараварга ошириш кўзда тутилган. Мазкур лойиҳа тўлиқ шакллантирилгандан кейин қарор лойиҳаси тайёрлаш бўйича Ҳукуматга тегишли таклифлар киритилади.
— Бугун МТТларида фаолият юритувчи ходимларнинг аксари олий маълумотга эга эмас. Шу масалага ҳам тўхталсангиз.
— Тўғри таъкидладингиз. Ҳозирги кунда тизимда фаолият олиб бораётган педагог кадрларнинг 33,8 фоизи олий маълумотли ҳисобланади. Шуни инобатга олган ҳолда, жорий йилда Мактабгача таълим вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликда тайёрлов гуруҳлари ҳамда қисқа муддатли ўқув курслари мунтазам ташкил этиб борилади. 2022 йилда жами 17 288 нафар педагог кадрларнинг малакасини ошириш режалаштирилган.
— МТТларини сифатли қўлланма ва дарсликлар билан таъминлаш бўйича қандай янгиликлар бор?
— Жанубий Корея мутахассислари билан ҳамкорликда ЮНИСЕФ халқаро болалар жамғармаси кўмаги билан “Ўзбекистон Республикасининг илк ва мактабгача ёшдаги болалар ривожланишига қўйиладиган Давлат талаблари” ва “ИЛК ҚАДАМ” номли давлат таълим дастури ишлаб чиқилган. Қолаверса, мажбурий бепул мактабга тайёрлов гуруҳларида фойдаланиладиган “Илм йўли” дастури хорижий экспертлар иштирокида ишлаб чиқилиб, дастур доирасида педагоглар ва тарбияланувчилар учун дидактик тўпламлар, рангли-безакли бадиий асарлар, дафтарлар жойларга етказилиб, фойдаланишга топширилган.
— Яқинда Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Халқ артисти Женисбек Пиязов вазир маслаҳатчиси этиб тайинланди. Раҳбар сифатида янги маслаҳатчингиздан қандай кўмак кутмоқдасиз?
— Мактабгача таълим тизимида маданият ва санъатни ривожлантириш муҳим. Женисбек Пиязов билан мактабгача ёшдаги болаларнинг қобилиятларини юзага чиқаришга ёрдам берадиган самарали лойиҳаларни амалга оширамиз, деган умиддаман.
— Таҳририятимизга ота-оналардан айнан Сизга аталган саволлар келиб тушган: “Айрим боғча опалар тарбияланувчиларнинг кун давомида нима билан банд эканликларини расм ёки видео шаклда ота-оналарга жўнатиб туришади. Баъзиларда эса бунинг тескариси. Аслидачи, тарбиячилар ота-оналарга мунтазам ахборот бериб туришлари керакми?”
— Бугун айрим МТТларда видеокузатув мосламалари ўрнатилган. Улар ота-оналарнинг мобил телефонларига уланган бўлиб, истаган вақтда фарзандларини кузатиб боришлари мумкин. Буларни барчаси молиявий бюджет билан боғлиқдир. Лойиҳаларимиз қаторида бу масала ҳам ўрин олган. Энди тарбиячига келсак, ўзингиз ўйлаб кўринг, гуруҳда 25 нафар бола бўлса, уни ҳар бирини тарбиячи видеога оладиган бўлса, кун давомида қиладиган асосий вазифаси четда қолади. Таълим ва тарбия жараёнини ким олиб боради?
— Болаларни МТТга жойлаштириш масаласи айрим боғчаларда ҳамон йиллаб вақт талаб этмоқда. Баъзи ота-оналар томонидан ўз фарзандларининг навбати келгунча болалар мактаб ёшига етиб қолишяпти, деган мазмундаги шикоятлар ҳам тез-тез қулоққа чалинади. Яқин орада бу бўйича ўзгаришларни кутсак бўладими?
— Аҳолини ўсиш суръати доимий равишда ошиб бормоқда. Ўтган давр ичида болалар қамровини 27,7 фоиздан 67 фоизга етказдик. Бу албатта, Давлат раҳбарининг олдимизга қўйган асосий вазифаларидан биридир. Бу борадаги мавжуд муаммоларни олдини олиш учун 2022 йилда инвестиция дастурига 24 та мактабгача таълим ташкилоти, шунингдек, мактабгача таълим тизимига хусусий сектор кириб келиши натижасида 1933 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этилиши кўзда тутилган.
— 2022 йилда кутилаётган қайси муҳим лойиҳалар ҳақида бизга маълумот бера оласиз?
— KOICA, Жаҳон банки, JICA, YUNESKO, YUNISEF билан ҳамкорликда педагог кадрларни салоҳиятини ошириш, моддий-техник базани такомиллаштириш ва албатта, қамров даражасини ошириш бўйича халқаро лойиҳалар устида иш олиб борилмоқда. Бундан ташқари мактабгача таълимнинг янги муқобил шакллари, шу жумладан, лойиҳаларни тажриба-синов тариқасида амалга ошириш мақсадида:
-“мобил гуруҳлари”
-“Илк ривожлантириш марказлари”
- “Уйга ташриф”
- “Плай гуруҳлар” фаолияти йўлга қўйилиб, янада ривожлантиришни мақсад қилганмиз.
Нилуфар Иркаева суҳбатлашди.


