Иш ҳақи берилмаган эди: Россияда 8 ўзбекистонликка 1,5 миллион рублдан ортиқ маблағ ундирилди
Ундириладиган маблағ иш ҳақи қарздорлиги, кечиктирилган тўловлар учун компенсация ва маънавий зарар товонларини ўз ичига олади.

Россияда иш берувчилардан иш ҳақини ўз вақтида ололмаган 8 нафар Ўзбекистон фуқаросининг меҳнат ҳуқуқлари суд орқали ҳимоя қилинди. Бу ҳақда Миграция агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, 2026 йил октябрь ойида Россия судлари ушбу фуқаролар фойдасига жами 1 519 786 рубль ундириш бўйича ижобий қарорлар қабул қилган. Ундириладиган маблағ иш ҳақи бўйича қарздорлик, тўлов кечиктирилгани учун компенсация ҳамда маънавий зарар товонини ўз ичига олади.
Миграция агентлиги хорижда ишлаётган фуқароларни меҳнат ҳуқуқлари бузилган ёки иш ҳақи тўланмаган тақдирда агентликка мурожаат қилишга чақирди.
Мурожаат учун: 1282 қисқа рақами ёки +998 71 202 33 55 телефон рақами орқали боғланиш мумкин.
Шунингдек, @huquqiy_yordam_uzbot ва агентликнинг Москвадаги ваколатхонаси (+7 925 045 47 44) орқали мурожаат қилиш мумкин.








