энг долзарб
|
23 Сентябр 14:38
491
энг долзарб
|
23.09.2021, 14:38
491

Вояга етмаган шахс уч тенгдошини пичоқлади

Ижтимоий тармоқларда жорий йилнинг 22 сентябрь куни Андижон шаҳрининг 2-мактабида содир бўлган  мудҳиш ҳолат тасвирланган видеолавҳа тарқалди. Видео хабарда юқори синф ўқувчилари ўртасидаги жиддий келишмовчилик  тасвирга олинган.

 

Вояга етмаган шахс уч тенгдошини пичоқлади

 

 Мазкур ҳолат юзасидан Андижон шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси томонидан суриштирув ишлари олиб борилди. Аниқланишича, 22 сентябрь куни Республика шошилинч тиббий ёрдам марказидан ички ишлар органлари навбатчилик қисмига 3 нафар фуқаро ўткир тиғли предметдан олинган жароҳатлар билан касалхонага олиб келингани ҳақида хабар келиб тушган.

 

 Жароҳатланганлар мактаб ўқувчилари бўлган. Суриштирув ишлари давомида аниқ бўлишича, Андижон шаҳрида яшовчи М. исмли фуқаро шу куни соат 13:20 атрофида 2-сонли умумий ўрта таълим мактаби олдида ўзига аввалдан таниш бўлган 3 нафар тенгдоши билан кўришиб, ўзаро “гаплашиб олиш” мақсадида Мангулик кўчасида жойлашган “Акзам” номли кафе ортига ўтган ва келишмовчилик сабабли у ерда бир-бири билан жанжаллашган. Оқибатда М. исмли шахс ёнидаги  пичоқ билан 3 нафар тенгдошига жароҳат етказган.

 

 Жанжал иштирокчисининг айтишича, у дўсти билан ўзаро ҳазиллашаётганда унинг икки шериги гапга аралашиб, нега бизнинг устимиздан куляпсан, деб ўртада низо чиқармоқчи бўлган.

 

 Аввал ҳазил-ҳузул, кейин муштлашув билан бошланган жанжал пичоқбозликка айланиб кетган. Пичоқ урган шахс воқеа бу даражага етишини ўйламагани,  қилган ишидан афсусда эканини билдирган.

 

Вояга етмаган шахснинг отаси ҳам  ўз айбини тан олди:

 

 — Инкор қилмайман, бунда менинг айбим катта. Бундай ҳолатлар бошқа такрорланмаслиги учун барча ота-оналарга  фарзандларингизни эътибордан четда қолдирманг, мен каби бошингизни эгиб қолманг, демоқчиман.

 

 Ҳолат бўйича Андижон вилояти ИИБ тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 277-моддаси 3-қисми “г” банди билан  жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Бундан аввал вояга етмаганлар томонидан 45 ёшли эркак вахшийларча ўлдирилгани ҳақида хабар берган эдик

 

 

Мафтуна Режаббоева