Самбочиларимиз Татаристондан учта медаль билан қайтди
Россия Федерациясининг Қозон шаҳрида ўтказилган самбо бўйича “Татаристон Республикаси Президенти кубоги” халқаро турнирида самбочиларимиз учта медални қўлга киритиб, юртимизга қайтиб келди.

Тўртинчи маротаба ташкил этилган мазкур мусобақада дунёнинг 15 та мамлакатидан 207 нафар спортчи медаллар учун кураш олиб борди. Қувонарлиси, халқаро турнир якунига кўра, уч нафар самбочимиз совриндорлар сафидан жой олди.
Мусобақада -79 кг вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Фирдавс Хожимаматов финалгача етиб борди ва кумуш медаль соҳиби бўлди. -98 кг вазнли самбочимиз Неъмат Ёқубов ҳам турнирнинг кумуш медалини қўлга киритди. Жанговар самбо баҳсларида эса -71 кг вазн тоифасида қатнашган яна бир ҳамюртимиз Санъат Исманов жамоамизга бронза медалини тақдим этди.
Аввалроқ, дзюдо бўйича спортчиларимиз 5 та медални қўлга киритгани ва боксчи қизларимиз Болгариядаги халқаро турнирга йўл олгани ҳақида хабар берилганди.
Жамшидбек Амиров







