Ҳиндистон демографик инқироз ёқасида
Ҳиндистоннинг Уттар-Прадеш ва Ассам штатлари аҳоли сонини назорат остида сақлаш учун яқин кунларгача Хитойда амалда бўлган чораларни жорий этмоқчи.


Янги қонун лойиҳасига кўра, иккитадан ортиқ фарзанди бор оилалар давлат субсидияларига номзодлик қила олмайди, ўз ихтиёри билан иккитадан ортиқ фарзанд кўришдан бош тортганлар қўшимча молиявий ёрдам олиши мумкин.
Айни пайтда Ҳиндистон демографик инқироз ёқасида турибди. БМТ маълумотига кўра, 2027 йилга келиб мамлакат аҳоли сони бўйича Хитойни ортда қолдиради.
Айни пайтда Ҳиндистонда 1 млрд 300 млн аҳоли яшайди. Шунингдек, мамлакатда шаҳарга кўчиш даражаси ошган. Шу туфайли йирик шаҳарларда турар-жой муаммоси долзарблашмоқда. Ноқонуний равишда юзага келаётган харобаларда эса антисанитария ҳукмрон.
Ташаббус илгари сурилган Уттар-Прадеш штатининг ўзида 240 млн одам яшайди. Агар у алоҳида давлат бўлганида, аҳолисининг сони бўйича дунёда бешинчи ўринни эггалаган бўларди.
Қонун лойиҳаси 19 июлга қадар муҳокамага қўйилган, шундан сўнг ташаббусни штат қонунчилик ассамблеяси кўриб чиқади.







