Трамп яна америкаликларга пул ваъда қилди: 20 миллиондан ортиқ кексага 90 доллардан берилади
Оқ уйга кўра, маблағ Medicare Improvement Fund ҳисобидан ажратилиб, аксарият фуқароларга октябрь ойининг бошида тўғридан-тўғри ўтказилади.

АҚШ президенти Дональд Трамп Medicare дастурининг Part B йўналишида рўйхатдан ўтган 20 миллиондан ортиқ кекса америкаликка бир марталик 90 долларлик тўлов берилишини маълум қилди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Оқ уй маълумотларига кўра, тўловлар Medicare Improvement Fund ҳисобидан амалга оширилади. Аксарият фуқароларга 90 доллар октябрь ойининг бошида банк ҳисобига тўғридан-тўғри ўтказилади, банк орқали тўлов олиш имконига эга бўлмаганларга эса чек юборилади.
Мазкур тўловлар Трампнинг америкаликларга пул бериш ҳақидаги бошқа ваъдалари фонида эълон қилинди. Президент сентябрь ойида Республикачилар партияси ноябрь ойидаги оралиқ сайловларда Вакиллар палатаси ва Сенатда назоратни сақлаб қолса, ҳар бир вояга етган АҚШ фуқаросига 5 минг доллардан берилишини айтган эди. Трамп бу режани «Тrump dividend» деб атаган ва 3 октябрь куни ҳам ваъдасини такрорлага
Бироқ 5 минг долларлик тўлов ҳозирча амалга оширилаётгани йўқ. Трампнинг баёнотига кўра, бу маблағ фақат республикачилар сайловдан кейин Конгресснинг ҳар икки палатасидаги назоратни сақлаб қолган тақдирда берилиши кўзда тутилган. Таклифни амалга ошириш учун эса Конгресс томонидан тегишли қарор ва маблағ ажратилиши керак бўлади.








