Кутилмаган ташриф: Германия канцлери Киевга борди
Германия Украинага 1,35 млрд евро ёрдам ажратиши кутилмоқда.

Германия канцлери Фридрих Мерц 4 октябрь куни Киевга ташриф буюрди. Ташриф вақтида Украина пойтахтида ҳаво ҳужуми сиреналари янгради ва портлашлар овози эшитилди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Мерц Украина президенти Володимир Зеленский билан учрашди. Германия канцлери Россияни ҳужумларни тўхтатишга чақириб, Украинани қўллаб-қувватлаш давом этишини билдирди.
Германия ҳукумати маълумотига кўра, ташриф давомида Украинага 1 млрд евролик ҳарбий ёрдам ҳамда энергетика соҳасидаги инфратузилмани тиклаш учун 350 млн евро ажратилиши эълон қилинади. Шунингдек, турли турдаги дронларни биргаликда ишлаб чиқариш бўйича келишувни якунлаш режалаштирилган.
Мерц ва Зеленский Россиянинг ўтган ҳафта дрон ҳужуми оқибатида зарар кўрган Украина Фанлар академияси биносига ҳам борди. Ҳужумда камида икки киши ҳалок бўлганди.
«Жаноб Путин, бу маъносиз урушга барҳам беринг. Биз музокараларга тайёрмиз, бироқ Украина тинч аҳолисига қарши ҳужумлар тўхтатилиши керак», — деди Мерц.
Қайд этилишича, якшанба куни эрталаб Киевда тўрт марта ҳаво ҳужуми хавфи эълон қилинди. Портлашлар ва ҳаво мудофаа тизимларининг овозлари шаҳарнинг турли ҳудудларида эшитилди.
Киев мэри Виталий Кличконинг маълум қилишича, Россия ҳужумларидан бири Днепр дарёси устидаги Шимолий кўприкка зарар етказган. Икки киши жароҳатланган, ҳудуддаги иссиқ сув таъминоти тизими ҳам шикастланган.
Мерц билан бирга Киевга Германия иқтисодиёт вазири Катерина Райхе ва Siemens Energy, Hensoldt, Diehl Defence, Quantum Systems каби компаниялар раҳбарларидан иборат делегация ҳам борган.
Ташриф давомида Украина ҳукуматидан Европа Иттифоқи талаб қилаётган ислоҳотлар, жумладан, коррупцияга қарши кураш бўйича ишларни жадаллаштириш масаласи ҳам муҳокама қилиниши кутилмоқда.
Зеленский аввалроқ Германия билан дронлар, ракеталар ва тегишли дастурий таъминот ишлаб чиқариш бўйича келишув тез орада якунланишини билдирган. Томонлар, шунингдек, учиш масофаси 1 минг километрдан ортиқ бўлган қуролларни биргаликда ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги эса Украинадаги нишонларга зарбалар давом эттирилишини билдирган. Москва буни Россияга уюштирилган Украина ҳужумларига жавоб сифатида изоҳлаган.
Зеленский Reuters’га берган интервьюсида Украина Россиядаги нефтни қайта ишлаш заводларига ҳужумларни кучайтиришини айтди. У буни Москванинг Украина фуқаролик инфратузилмасига қарши ҳужумларни кучайтираётганига жавоб сифатида изоҳлади.








