Афғонистон чегарасида бир аскаримиз ҳалок бўлди, у Наманган фарзанди эди – Президент
Наманганда сайловчилар билан учрашув чоғида Шавкат Мирзиёев Афғонистон билан чегарадаги вазият бўйича ҳам тўхталиб ўтди.


“Афғонистондаги ҳолат ҳаммамизга сабоқ бўлиши керак. Чегарадаги вазият ҳар куни диққат марказимизда. Ҳеч кимга сарҳадларимизга дахл қилишга йўл қўймаймиз. Чунки Ўзбекистонда қонун устувор, жазо муқаррар.
Куни кеча ҳам давлатимиз чегарасини бузиб ўтишга уриниш бўлди. Бир наркобарон ҳаракат қилди. Лекин биз дахлсизлик масаласида позициямиз қатъий, керак бўлса, чегарамизни ҳимоя қилиш учун қурол ишлатамиз.
Кечаги вазиятда ҳам ўз вазифасини шараф билан бажарган бир аскаримиз қаҳрамонларча ҳалок бўлди. У шу юрт фарзанди – наманганлик эди”, – деди Шавкат Мирзиёев.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввалроқ Президентликка номзод Шавкат Мирзиёев Наманганда биринчи навбатда ҳал этилиши лозим бўлган масалалар ҳақида сўзлагани, Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигини муносиб нишонланиши, ҳамда давлатимиз раҳбари Наманган, Фарғона ва Андижон вилоятларида бўлиши тўғрисида хабар берилганди.







