Янги Ўзбекистон замонавий ташқи сиёсатининг халқаро-ҳуқуқий асослари — Ҳиндистон матбуоти нигоҳида
Ҳиндистонда чоп этиладиган ҳафталик сиёсий-таҳлилий нашрларидан бири - “Political Events” журнали саҳифасида “Янги Ўзбекистон замонавий ташқи сиёсатининг халқаро-ҳуқуқий асослари мустаҳкамланмоқда” сарлавҳали мақола босилиб чиқди. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар бермоқда.


Қайд этилишича, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Шартнома-ҳуқуқ бошқармаси бошлиғи Комил Рашидов қаламига мансуб ушбу мақолага мазкур журналнинг бош муҳаррири Муҳаммад Исмаил Хон сўзбоши ёзган.
Мақола Ўзбекистоннинг кўплаб давлатлар билан икки томонлама халқаро шартномалари, шунингдек, БМТ ва бошқа халқаро ташкилотларнинг универсал конвенциялари ратификациялари Олий Мажлис ва Президент қарорлари асосида ҳаётга тадбиқ этилаётгани ҳақидаги маълумотлар билан бошланган.
Унда, жумладан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида давлат томонидан яқин ва узоқ хорижий давлатлар ҳамда халқаро ташкилотлар билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга қаратилган ташқи сиёсий фаолият дунё ҳамжамияти томонидан алоҳида эътироф этилиб, халқаро майдонда Ўзбекистон томонидан билдирилган ташаббуслар қўллаб-қувватланаётгани қаламга олинган. “Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган минтақавий ва глобал муаммолар ечими бўйича халқаро ташаббуслар асосида БМТ Бош Ассамблеясининг 4 та махсус резолюцияси қабул қилинди”, - деб ёзади муаллиф.
Таъкидланишича, мақолада Ўзбекистон Республикасининг шартномавий-ҳуқуқий базасини 4 минг 200 дан ортиқ ҳужжат ташкил этиб, улардан 500 га яқини универсал ва минтақавий характерга эга бўлган кўп томонлама халқаро шартномалардан иборат эканлиги, 3 минг 700 дан ортиғи эса икки томонлама халқаро ҳужжатлар ҳисобланиши ҳам журналхонларнинг эътиборига ҳавола қилинган.
Шунингдек, нашр сўнгги беш йил давомида Ўзбекистоннинг хорижий ҳамкорлар билан 781 та халқаро ҳужжатни имзолаганига, Ўзбекистоннинг 26 та универсал халқаро шартномаларнинг аъзосига айланганига ҳам эътибор қаратган. Унда “ушбу халқаро шартномалар асосан инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш, савдо-иқтисодий, ҳарбий-техникавий, молиявий, маданий-гуманитар, илмий-техникавий ҳамкорлик, солиқ, меҳнат, транспорт, энергетика, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, жиноятчиликка қарши курашиш каби соҳаларга тааллуқли” эканлиги қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессиясидаги нутқи Жанубий Корея матбуоти, Ўзбекистон истиқлолининг ўттиз йиллигига бағишлаб бунёд этилган “Янги Ўзбекистон” боғи ва Мустақиллик монументининг тантанали очилиши ҳақидаги мақола «The Korea Post» журнали саҳифаларида ҳамда давлатимиз раҳбарининг "Янги Ўзбекистон" газетасига берган интервьюси матни «El Mundo Financiero» халқаро интернет-нашрида испан тилида чоп этилгани ҳақида хабар берилганди.







