Кўҳна ва замонавий Ўзбекистон Туркия матбуоти нигоҳида
Туркияда нашр этиладиган «Yazar» газетаси саҳифасида “Ҳар бир инсон кўриши керак бўлган мамлакат: Беруний, Нақшбандий, Бухорий ва Термизийнинг диёри – ЎЗБЕКИСТОН” сарлавҳали мақола чоп этилди. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар берди.


Қайд этилишича, Евроосиё турк жамиятлари федерацияси раҳбари Исмаил Ченгиз қаламига мансуб ушбу мақола бутун турк дунёси учун улкан қиймат ва мазмун-моҳият касб этадиган замонавий Ўзбекистоннинг бой тарихий ва илмий-маданий мероси атрофлича очиб берилгани билан аҳамиятлидир.
“Моварауннаҳрнинг учта марваридини ўз ичига олган бу мамлакатнинг номи – Ўзбекистон, ЮНЕСКОнинг “Жаҳон мероси рўйхати”га кирган Бухоро, Самарқанд ва Хивага мезбонлик қилаётган мамлакат - Ўзбекистон, Ислом динининг маънавий марказларидан бири Бухоро, дунёнинг кўзгуси, Шарқ дурдонаси Самарқанд ва Хива шаҳри жойлашган юрт - Ўзбекистон сизни осмон ости музейлари билан ўрта асрларга олиб боради. Сизга Беруний, Бухорий, Термизий, Улуғбек, Ибн Сино, Aлишер Навоий каби буюк олим ва мутафаккирлари, уламолари ҳамда адабиёт бўстони дарғаларини ўз бағрида тарбиялаган Ўзбекистон ҳақида ҳикоя қиламиз”, — деб ёзилган мақолада.
Таъкидланишича, у ҳар бир туркий миллат фарзанди ўзининг замонавий дунёдаги буюк ўтмиши ва ўрнини теран ва тўлақонли англаши учун мамлакатимиз бағрида жойлашган муқаддас қадамжолар ва диққатга сазовор масканларни ўз кўзи билан кўрмоғи лозим, дея Ўзбекистоннинг кўҳна ва бой маданиятини тарғиб қилган.
Мақолада Анқара ва Тошкент ўртасидаги стратегик шериклик алоқалари мустаҳкамланаётгани, ўзаро товар алмашиш ҳажмларининг ортиб бораётгани ҳамда маданият ва таълим соҳаларидаги ҳамкорлик тобора фаоллашаётгани сингари масалаларга ҳам катта эътибор қаратилган.
Шунингдек, “Шарқнинг уч марвариди: Бухоро, Самарқанд ва Хива”, “Ўзбекистон ўз мустақиллигининг 30 йиллигини нишонламоқда”, “Ўзбекистон табиий ресурсларга бой мамлакат”, “Иқтисодиёт ва ташқи сиёсатдаги ислоҳотлар”, “Ўзбекистон мустақиллигини тан олган биринчи мамлакат — Туркия” сингари ва бошқа қатор муҳим мавзуларни қамраб олган.
Маълумот учун, Исмаил Ченгиз Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсий ривожланишида мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев тутган ўрин ҳақида алоҳида қалам тебратган.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессиясидаги нутқи Жанубий Корея матбуотида чоп этилганди. Шунингдек, Президентнинг "Янги Ўзбекистон" газетасига берган интервьюси матни "El Mundo Financiero" халқаро интернет-нашрида испан тилида ҳамда Ўзбекистон истиқлолининг ўттиз йиллигига бағишлаб бунёд этилган “Янги Ўзбекистон” боғи ва Мустақиллик монументининг тантанали очилиши Жанубий Кореянинг "The Korea Post2 журнали саҳифаларида чоп этилгани ҳақида хабар берлганди.







