Сўнгги 9 ойда Тошкент шаҳар "103" хизматига 910 мингдан зиёд чақириқ келган
Шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси CALL-маркази бўлим бошлиғи Насиба Маҳмудова Тошкент шаҳар “103” хизматининг айни кундаги фаолияти, чақирувлар сони, коронавирус инфекциясига чалиниш ҳолатлари ҳақида батафсил маълумот берди.

— Бугун дунёда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ эпидемик ҳолат жуда тез ўзгармоқда, — дейди Н. Маҳмудова. — Айниқса, кейинги кунларда қатор хориж мамлакатларида касаллик қайта бош кўтараётгани, айрим давлатларда “COVID-19”га чалинган беморлар ва ўлим ҳолатлари сони ортиб бораётгани, хусусан, Россия Федерациясида сўнгги ҳафталарда вазият кескин ёмонлашгани барчамиздан карантин қоидаларига қатъий амал қилишни тақозо этади.
Шу кунларда юртимиз аҳолиси орасида касалланиш сони тобора камайиб бормоқда. Лекин шунга қарамай, мутахассис пойтахтимиздаги эпидемик вазият ҳали ҳам мураккаб қолаётганини айтиб ўтди.
Бу ҳолатни шаҳар “103” хизматига бўлаётган чақирувлар сонидан билишимиз мумкин.
Маълумотларга кўра, жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида шаҳар тез тиббий ёрдам хизмати CALL марказига жами 910 минг 294 та чақириқ келиб тушган. Шундан 30 минг 271 тасини коронавирус инфекциясига чалинганлиги гумон қилинган, пневмония белгилари кузатилган ва COVID-19га топширган ПЗР тести мусбат натижа берган катта ёшли беморлар, 2 минг 204 тасини эса 18 ёшгача бўлган болалар ташкил этади.
Айни кунларда шаҳар “103” хизматига бир кунда ўртача 3100-3400 та чақириқ келиб тушмоқда.
Хусусан, 4-14 октябрь кунлари жами чақириқлар сони 46 минг 879 тани ташкил этди. Шундан пневмония белгилари кузатилган ва коронавирусга топширган ПЗР тести мусбат натижа берган 779 нафар катта ёшли бемор ва 44 нафар болага сифатли тез тиббий ёрдам кўрсатилди.
Таққослаш учун айтсак, ўтган йилнинг айни шу даврида жами чақирувлар сони 36 минг 481 та ташкил этиб, коронавирусга топширган ПЗР тести мусбат натижа берган 641 нафар катта ёшли бемор госпитализация қилинган эди.
Аввалроқ, Модерна компанияси вакцина ишлаб чиқаришни кенгайтиришга қарор қилгани ва шифокорлар коронавируснинг фарзанд кўришга таъсирини баҳолагани ҳақида хабар бергандик.
Maфтуна Режаббоева тайёрлади







