Ўзбекистоннинг Италиядаги элчихонасида ҳам сайлов жараёни қизғин ўтмоқда
Турин ва Флоренция шаҳарларида, Грециянинг Афина ва Мальтанинг Биркиркара шаҳарларида муддатидан олдин овоз бериш жараёни ташкиллаштирилган бўлиб, уларда жами 142 сайловчи қатнашди.

Бугун маҳаллий вақт билан соат 08:00 да Ўзбекистоннинг Италиядаги элчихонаси ҳузурида тузилган 16-сайлов участкасида сайлов жараёни бошланди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, сайлов жараёни бошида Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси янгради. Участка сайлов комиссияси раиси Отабек Акбаров комиссия аъзолари ҳозирлигида овоз бериш бошланганини эълон қилди.
Участка сайлов комиссияси раиси ва комиссия аъзолари ҳозирлигида сайлов қутиси бўшлиги текширилди, қути пломбаланди ва бу ҳақда далолатнома тузилди.
Таъкидланишича, ушбу тадбирда нафақат Италиянинг Рим шаҳридан, балки Венеция, Кассино, Милан, бошқа вилоят ва шаҳарларидан сайловчиларнинг келиши кутилмоқда.
Маълумот учун: ваколатхона томонидан 14-20 октябрь кунлари сайлов участкасидан узоқда яшайдиган Ўзбекистон фуқаролари учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида Турин ва Флоренция шаҳарларида, Грециянинг Афина ва Мальтанинг Биркиркара шаҳарларида муддатидан олдин овоз бериш жараёни ташкиллаштирилган бўлиб, уларда жами 142 сайловчи қатнашди.
Эслатиб ўтамиз, жойлардан 17:00 га қадар олинган маълумотларга кўра, Ўзбекистон ҳудудидаги 19 миллион 859 минг 127 нафар сайловчилардан 14 миллион 258 минг 780 нафари ёки 71,8 фоизи овоз берганди.
Аввалроқ Марказий сайлов комиссияси соат 11:00, 15:00 ҳолатига кўра сайловчиларнинг 64,2 фоизи иштирок этгани, Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси ҳузурида ташкил этилган 43-сайлов участкасида овоз бериш жараёни давом этаётгани, Ташқи ишлар вазири биринчи ўринбосари хориждаги сайлов участкалари тўғрисида маълумот берилгани ҳамда сайловчиларнинг умумий сони 21,2 миллион нафардан ошгани ҳақида хабар берилганди.







