Янги сайланган Президент инаугурациясида илк марта президентлик белгиси ва штандарти (байроғи) бўлиши кутилмоқда
Сайланган номзод ана шундан сўнг президентлик лавозимига киришади.

Сайлов кодексига кўра, Ўзбекистон Президенти сайлов натижалари эълон қилинган кундан эътиборан 2 ой ичида Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида қасамёд қилади. Сайланган номзод ана шундан сўнг президентлик лавозимига киришади.
Хабарингиз бор, жорий йилнинг 24 октябрида мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайлов бўлиб ўтди. Эртаси куни эълон қилинган натижаларга биноан ЎзЛиДеП номзоди, амалдаги давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев 80,1 фоиз овоз билан ғалаба қозонди.
Янги сайланган Президентнинг инаугурация жараёни қачон ва қандай ҳолатда бўлиши кўпчиликни қизиқтириши табиий. Лекин ҳозирча бу борада аниқ сана айтилгани йўқ.
Эслатма: бу галги инаугурацияда илк марта президентлик белгиси ва штандарти (байроғи) ҳам бўлиши кутилмоқда.
Президент белгиси ва штандарти (байроғи) тавсифи, улардан расмий фойдаланиш тартиби Президент томонидан белгиланади.
Маълумот ўрнида: штандарт – махсус турдаги байроқ. Хорижий давлатларда у президентлик белгиси (рамзи) ҳисобланади. Штандарт (байроқ) президент иштирок этадиган барча муҳим тадбирларда, инаугурация (қасамёд қабул қилиш) пайтида ҳамда президент қароргоҳларининг бинолари ва хизмат хоналарида кўтарилади.
Президент белгиси – президентнинг фарқловчи расмий белгиси. Бу белги президентликка сайланган шахсни ўз лавозимига юклатилган оғир вазифаларни самарали амалга оширишида халқ ва жамият билдирган ишонч белгиси сифатида хизмат қилади.
Президент белгиси ушбу лавозимга сайланган шахсга лавозимга киришиш чоғида у қасамёд қабул қилганидан сўнг топширилади ва конституциявий ваколат муддати тугагунга қадар президентда сақланади.
Бундан аввал сайловда ЎзЛиДеП номзоди ғолиб бўлса, пойтахт қандай ўзгариши маълум бўлгани, номзодлар Шавкат Мирзиёевни табриклагани ҳамда 2016 йилги сайлов жараёнлари ҳақида хабар берилганди.
Оламгир Абдиев







