Покистонда нашр этилган “Шавкат Мирзиёев — узоқни кўра биладиган давлат арбоби” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди
Китоб Исломободдаги Глобал ва стратегик тадқиқотлар маркази томонидан Ўзбекистон элчихонаси билан ҳамкорликда нашрга тайёрланган.

Унга Покистоннинг таниқли экспертлари, олимлари ва ёш тадқиқотчилари томонидан ёзилган 14 та таҳлилий мақола киритилган.
Тадбирда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат Сидиқов иштирок этди.
Тошкентда Ўзбекистон Президенти сайловида халқаро кузатувчи сифатида бўлиб турган Глобал ва стратегик тадқиқотлар маркази ижрочи директори Холид Таймур Акром китоб ҳақида илиқ фикрларни билдирди. Унинг мазкур тўпламга киритилган “Илм-фан, маданий ва гуманитар алмашинувларни кенгайтириш: Президент Шавкат Мирзиёевнинг юқори аҳамиятга эга таклифи” (“Expansion of Scientific, Cultural, and Humanitarian Exchanges: A Great Proposal by His Excellency President Shavkat Mirziyoyev”) сарлавҳали мақоласида Ўзбекистон Президентининг Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги маданий-гуманитар ва академик алоқаларни чуқурлаштириш, шунингдек, минтақавий интеграция жараёнини жадаллаштириш бўйича минтақавий ва халқаро ташаббуслари мазмун-моҳияти таҳлил қилинган.
Шунингдек, китобнинг биринчи қисми “Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг изчил раҳбарлиги даврида” (“Uzbekistan under the dynamic leadership of His Excellency President Shavkat Mirziyoyev”) деб номланиб, жамият ҳаётининг турли жабҳаларида амалга оширилган ислоҳотлар ва ўзгаришлар самарасини акс эттирувчи 5 та таҳлилий материалдан ташкил топган.
“Ўзбекистон ташқи сиёсати йўналишлари” (“Uzbekistan’s foreign policy contours”) деб номланган иккинчи қисмда мамлакатимизнинг минтақавий ва халқаро муносабатлардаги мавқеи ҳақида сўз боради.
Бундан ташқари, ташқи сиёсат мақсадларига бағишланган 3 та таҳлилий мақола ўрин олган.
Китобда Покистоннинг “Islamabad Post”, “Diplomatic News Agency”, “Centreline”, “National Herald Tribune” каби етакчи газета ва журналлари, уларнинг вебсайтлари, таҳлил марказларининг махсус рисолаларида чоп этилган мақолалар ҳам ўрин олган.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал “Янги Ўзбекистон” китоб-альбомининг тақдимоти ўтказилгани ҳамда Ўзбекистон санъатининг дурдона асарларига бағишланган ноёб альбом чоп этилиши ҳақида хабар берилганди.
Чўлпоной Аҳмедова







