Самарқандда сохта “ПЦР” тести сотувчиси қўлга олинди
Сохта “ПЦР сотувчиси” Самарқанд шаҳрида яшовчи 2001 йилда туғилган, авиакасса ходими экани аниқланди.

Самарқанд вилоят ИИБ "Транспортда хавфсизликни таъминлаш" бошқармаси маълумотларига кўра, Самарқанд шаҳар Амир Темур кўчасидаги авиакассада ишловчи ходим фуқаролардан ҳеч қандай таҳлил намунаси (анализ) олмасдан коронавирусга “PSR” тест маълумотномаси тайёрлаб бераётгани аниқланди.
Шу куннинг ўзида бошқарма жиноят қидирув бўлими ходимлари томонидан тезкор тадбир уюштирилди. Тадбирга жалб этилган фуқаролардан бирига Амир Темур кўчасида жойлашган авиакасса ходими 150 минг сўм эвазига таҳлил намунаси олмасдан маълумотнома тайёрлаб бераётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирги вақтда терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ҳиндистонда 2,5 минг одам вакцина ўрнига шўр сув билан “эмланган”и ҳамда Италияда сохта COVID сертификатларини тайёрлаган Тelegram каналлари ёпилгани ҳақида хабар берилганди.
Чўлпоной Аҳмедова







