Қозоғистонда маҳбуслар учун саноат зоналари мавжуд бўлган янги колониялар қурилади
Ҳар бир колония сиғими 1,5 минг нафаргача маҳкумни қамраб олади.

Янги колониялар Олмаота, Ақтўбе, Манғистау ва Туркистон вилоятларида жойлаштирилади. Бу ҳақда “Фергана.медиа” “Vlast.kz”га таяниб хабар берди.
Унда айтилишича, ҳар бир колония сиғими 1,5 минг нафаргача маҳкумни қамраб олади. Ушбу колонияларнинг ҳар бирида махсус саноат зоналари ажратилади. Бу муассасалар ҳудудининг деярли 50 фоизини ташкил қилади.
Маълумотларга кўра, айни вақтда Қозоғистон Давлат-хусусий шериклик доирасида колониялар қуриш масаласи кўриб чиқилмоқда. Янги ахлоқ тузатиш муассасалари маҳкумларни сақлашда “жамият ва халқаро ташкилотлар томонидан талаб қилинадиган” барча стандартларга жавоб беради.
Маълумот учун: бугунги кунда Қозоғистонда 64 та ахлоқ тузатиш муассасаси ва 16 та тергов ҳибсхонаси мавжуд. Уларда 34 мингдан ортиқ одам бор. Шунингдек, маҳкумлардан 30 минг нафари аллақачон судланган, қолганлари ҳибсга олинган ва тергов остида турибди.
Мамлакат Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, маҳкумларнинг қарийб 93 фоизи оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этган. Улардан 45 фоизи аввалроқ жиноий жавобгарликка тортилган.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон парламенти 3 ноябрь куни республика мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисидаги қонунни маъқуллади. Унга биноан, 2,2 мингдан ортиқ маҳкум ва пробация хизматида рўйхатдан ўтган 11,3 минг киши қамраб олинган. Бунда маҳкумларнинг фуқаролар ва давлат хавфсизлигига жиддий хавф туғдирмаслиги, вояга етмаганлиги, кексалиги, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлиги ҳисобга олинган.
Аввалроқ қамоқхоналардаги маҳкумлар сони бўйича рейтинг эълон қилингани, Исроилдаги Гилбоа қамоқхонасидан ер ости туннели орқали олти маҳбус қочиб кетгани ҳамда Ўзбекистон қамоқхоналарида қанча диний ва сиёсий маҳбуслар мавжудлиги очиқлангани ҳақида хабар берилганди.
Оламгир Абдиев







