Маҳаллий овчилар Қизил китобга киритилган жайронни отиб ўлдирди
Бу — ноябрь ойидаги ноқонуний жайрон овлаш билан боғлиқ аниқланган иккинчи ҳолат.

Қорақалпоғистонда "Қизил китоб"га киритилган жайронни овлаган браконьерлар ушланди. Бу ҳақида Қорақалпоғистон Республикаси экология қўмитасининг матбуот хизмати хабар берди.
Унда айтилишича, ҳудуд Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси Тахтакўпир ҳамда Қораўзак туман инспекциялари томонидан экологик тезкор рейд тадбирлари олиб борилган.
Мазкур рейд тадбирлари давомида Қораўзак тумани "Қораўзак" ОФЙда яшовчи фуқаролар томонидан Ўзбекистон Республикаси "Қизил китоби"га киритилган 1 дона жайронни овлагани аниқланган. Шунингдек, браконьерлар ўлжалари қаторида тегишли рухсатсиз овланган 10 дона қуён ҳам топилган.
“Ҳозирги кунда мазкур ҳолат юзасидан Орол табиатни муҳофаза қилиш прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда”, - деб ёзади Қорақалпоғистон Республикаси экология қўмитасининг матбуот хизмати.
Аввалроқ овчилар қўйган тузоққа тушиб кетган филча барча саъй-ҳаракатларга қарамай, ҳалок бўлгани ҳамда Бухорода қизил китобга киритилган чўл бўктаргиси(степной лун) қушини сотмоқчи бўлганлар ушлангани ҳақида хабар берилганди.
Оламгир Абдиев







